АсосийJamiyat

"Деҳқонободдаги қил кўприқлар аҳолини хавотирга солмоқда. Раҳбарларничи?” хабарига ҳокимлик муносабат билдирди

'"Деҳқонободдаги қил кўприқлар аҳолини хавотирга солмоқда. Раҳбарларничи?” хабарига  ҳокимлик муносабат билдирди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Деҳқонободдаги қил кўприқлар аҳолини хавотирга солмоқда. Раҳбарларничи?”, сарлавҳали хабар тарқалди. Унда туманнинг Бойқўрғон қишлоғидаги осма кўприклардан бири ҳақида сўз юритилган.

Мақолада шунингдек, Бойқўрғон қишлоғида 6 та осма кўприк мавжудлиги, уларнинг учтаси аҳоли фойдаланиши учун хавфли ҳолатга келиб қолгани таъкидланган.

Туман ҳокимлиги мазкур чиқишга муносабат билдирди

"Ҳақиқатдан ҳам туманда бундай таъмирталаб кўприклар кўп. Сўнгги беш йил ичида шундай осма ҳамда таъмирталаб кўприкларнинг 52 таси қайта таъмирланиб, янгиланиб фойдаланишга топширилгани ҳам сўзимизнинг исботи бўла олади.

Мазкур кўприк таъмирталаблиги шахсан ҳокимга, шунингдек сектор раҳбари туман ИИБ бошлиғига ҳам аввалдан маълум бўлган. Бироқ, режага кўра бунданда хавфли кўринишга келиб қолган кўприклар аввалроқ таъмирланиб, мазкур кўприк таъмири 2021-йилнинг октябрь ойида якунланиши режалаштирилган" дейди ҳокимлик.

“Жорий йилнинг айни кунига қадар туманда 17 та кўприк янгиланиб, фойдаланишга топширилган. Бу кўприкларнинг қайсидири таъмирланган бўлса, Дуоб қишлоғидаги кўприк 3 миллиард 178 миллион сўмга буткул янги қурилди, Обохшон қишлоғидаги кўприк эса 1 миллиард 533 миллион сўмга янгиланди. Қолаверса, бундайин кўприклар айни кунда ҳам қурилмоқда. Туманнинг энг чекка ҳудудидаги осма кўприк ҳам эътиборимизда. Ҳеч қачон аҳоли муаммоси эътиборимиздан четда қолмайди”, — деди туман ҳокими мазкур масалага тўхталар экан.

    Бошқа янгиликлар