АсосийJamiyat

​Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига 8 ой мобайнида жами 721 353 та мурожаат келиб тушди

'​Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига  8 ой мобайнида жами 721 353 та мурожаат келиб тушди'ning rasmi

Шошилинч тиббий ёрдам тизими соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик ва ўта кучли ижтимоий аҳамиятга эга тузилма ҳисобланади.

 

2021 йилнинг 5 ойи мобайнида умумий мурожаатлар сони 4 миллиондан ортиқни ташкил этди, 1,1 миллиондан зиёд беморларга стационар муассасаларда ёрдам кўрсатилди.

 

Биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясига йилига 1 миллиондан ортиқ чақирув келиб тушади.

 

Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам COVID-19 хасталиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият сабаб тизимга мурожаатлар сони ортган.

 

Шунга қарамай, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатишда давом этиб келмоқда.

 

Рақамларга мурожаат қилсак, 2021 йил бошидан 28 августгача бўлган ҳолатга кўра, шаҳар тез тиббий ёрдам хизматига пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари томонидан жами 721 353 та чақириқ келиб тушган. Шундан 28 579 тасини коронавирус инфекциясига чалинганлиги гумон қилинган беморлар ташкил этди, улардан 26 607 тасини катталар ва 1 972 тасини ёш болалар ташкил этади.

 

Айни пайтда шаҳар “103” хизмати Call-марказига бир кунда ўртача 3 200 – 3 500 га яқин фуқаро мурожаат қилмоқда. Аҳолидан келиб тушаётган қўнғироқлар ҳар куни 40 нафар оператор томонидан қабул қилинади ва “MedData-103” автоматлаштирилган бошқарув тизими ёрдамида тез ёрдам бригадаларининг планшетларига узатилади.

 

Ҳозирги вақтда пойтахтнинг тез ёрдам бригадаларида ҳар куни 300 нафарга яқин тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатмоқда.

 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам хизматининг 12 та бўлими (подстанцияси)да 203 та бригада бўлиб, 2,5 минг нафарга яқин шифокор, ўрта тиббиёт ходими ҳамда ҳайдовчи фаолият юритади.

 

Барча тез тиббий ёрдам бригадалари шахсий ҳимоя воситалари (респиратор, ниқоб, комбинезон, бир маротаба ишлатиладиган халат, кўзойнак, юз ва кўзларни ҳимояловчи шит, тиббий қўлқоп ва антисептик воситалар) билан тўлиқ таъминланган ва уларнинг етарлича захираси мавжуд.

    Бошқа янгиликлар