Бу ҳақда Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 27 августдаги тегишли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округи ҳудуди бўйича сайлов участкаларининг жойлашуви юзасидан 4 та туман ҳокимларининг тақдимномалари маълумот учун қабул қилинди.
Хусусан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг маъмурий ҳудуди ўзгариши муносабати билан қуйидаги — Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманларидаги 25 та сайлов участкалари тугатилди.
Жумладан, қарор бўйича Зангиота туманидаги 303-, 304-, 305-, 306-, 309-, 310-, 311-, 312-, 313-, 314-; Юқори Чирчиқ туманидаги 703-; Ўрта Чирчиқ туманидаги 834-, 835-, 836-; Қибрай туманидан 897-, 904-, 905-, 906-, 907-, 908-, 909-, 910-, 911-, 912, 913-сайлов участкалари ҳудуд рўйҳатидан чиқарилди.
Йиғилишда 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Унга кўра, ҳудудларда тугатилаётган 25 та сайлов участкалари ва участка сайлов комиссияларининг шахсий таркиби ҳақидаги барча маълумотлар 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясига тақдим этиладиган бўлди.
Демак, эндиликда вилоят бўйича 963 та сайлов участкаси фаолият кўрсатади.






