Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 22-июндаги “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги ПҚ–5157-сон қарори билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт факултети ташкил этилиб, тиббиёт йўналишида ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.
Давлат раҳбарининг шу йил 19-март куни Тошкент вилоятига ташрифи давомида тиббиёт йўналишида кадрлар тайёрлаш бўйича вазифалар белгиланган эди. Бунга сабаб, вилоятда олий маълумотли тиббиёт мутахассисларига бўлган талабнинг юқорилиги эди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўз фаолиятини бошлаган бу факултет ана шу эҳтиёжни қондиришда муҳим аҳамиятга эга. Эндиликда университетда бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича “Даволаш иши” таълим йўналишида ҳам кадрлар тайёрланади.
2021-2022-ўқув йилида “Даволаш иши” таълим йўналишига 100 нафар грант, 100 нафар тўлов-шартнома асосида жами 200 нафар талаба қабул қилинди.
Кеча, 13 сентябрь куни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида янги ташкил этилган тиббиёт факултетининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир давомида ота-оналар, талабалар сўзга чиқиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди ҳамда ташаккурларини изҳор қилди.
Шундан сўнг “даволаш иши” йўналишига қабул қилинган 1-курс талабалари қасамёд қабул қилишди.