Жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Тошкентда офтальмологларнинг халқаро конгресси бўлиб ўтади. Анжуманда кўз микрохирургиясининг долзарб муаммолари муҳокама қилинади.
Халқаро анжуман гибрид, яъни онлайн ва офлайн форматда ўтказилмоқда. Анжуманга 1000 нафардан зиёд офтальмолог онлайн рўйхатдан ўтган бўлиб, республикамизнинг 150 нафардан зиёд офтальмологи таклиф қилинган. Анжуман дастурида офтальмологиянинг деярли барча йўналишдаги долзарб муаммолари, кенг тарқалган кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш усуллари қамраб олинган. Бу эса иштирокчиларнинг тажриба алмашиш, малака ошириш имконини яратади.
Айтиш керакки, юртимизда жами 49 турдаги офтальмологик касалликларни даволаш бўйича 172 турдаги хизматлар кўрсатилади. Бу борада Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти алоҳида аҳамиятга эга.
2019-2020 йиллар давомида марказ ходимлари томонидан жойларга чиққан ҳолда, маҳорат дарслари, тиббий кўриклар ва мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказишлари натижасида ҳудудлардан бўлаётган мурожаатлар сони 20 фоизгача камайган.
Марказда 150 қатновга мўлжалланган консультатив диагностик поликлиника,
50 ўринли стационар, кунига 50-60 операция бажариш имконини берадиган 8 та автоматик жарроҳлик столи, бир вақтда ишлайдиган жарроҳлик блоки мавжуд. Бу ерда мамлакатимизда ягона бўлган диагностика ва даволаш сифатини назорат қилиш гуруҳи (даволаш назорати гуруҳи) ташкил этилган бўлиб, даволанган беморларга кўрсатилган тиббий ёрдам сифатини баҳолайди. Электрон касаллик тарихи ишлаб чиқилган ва татбиқ этилган.
2019 йилда ҳудудларга 120 минг доллар миқдоридаги маблағ эвазига
жами 14 та махсус рақамли биомикроскоп қўйилди. Шу вақт давомида 2000 нафардан зиёд ортиқ беморга онлайн тиббий маслаҳатлар берилди.
Президент таклифига биноан “Isuzu” русумли автобус негизида 13 дона мобиль поликлиника ташкил этилди ва 5 хил замонавий офтальмологик ускуналар билан жиҳозланди. Ҳафтада бир-уч марта мутахассислар шаҳар ва туманларга, жойлардаги ишлаб чиқариш корхоналарига бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Ҳозирга қадар 7 та ҳудудда(Хоразм, Сурхондарё, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида) марказнинг филиаллари очилди. Бунинг натижасида марказга мақсадли беморларни юбориш сифати ошди. Лазер жарроҳлик амалиётлари сони 2 баробардан 5 баробаргача кўпайди.
Конгрессда офтальмология хизматини яхшилаш учун бир қатор таклифлар илгари сурилиши кўзда тутилган.






