АсосийJamiyat

Ўзбекистоннинг 4 та ҳудудида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади

'Ўзбекистоннинг 4 та ҳудудида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилади'ning rasmi

АОКАда Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Зоҳиджон Зияев, бошқарма бошлиғи Қобил Бердиқулов, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти директори Баҳодир Ғойибназаров иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича,  2021 йилнинг 1-25 ноябр кунлари Aндижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши белгиланган.

Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 2021 йил май ойида синов ҳудудларида кадастр органлари томонидан тайёрланган маҳаллаларнинг хариталари уй-жойлар рўйхатини тузувчи ходимлар (регистраторлар) томонидан жойига чиққан ҳолда ҳақиқий ҳолатга мослиги ўрганилиб, уй-жойлар рўйхати тузиб чиқилди ҳамда уйма-уй юрган ҳолда аҳоли сонига аниқлик киритилиб, хонадонлар рўйхати янгиланган.

Мазкур ишлар учун жами 175 нафар (Хўжаобод туманида 35 нафар, Юқори Чирчиқ туманида 37 нафар, Хива шаҳрида 22 нафар ва Яшнобод туманида 81 нафар) регистраторлар статистика, кадастр, маҳалла ва уй-жой фондидан фойдаланувчи ташкилотлар ходимлари орасидан ҳудудий комиссиялар томонидан танлаб олинди. Танлаб олинган регистраторлар жорий йилнинг 28-30 апрел кунлари Давлат статистика қўмитаси мутахассислари томонидан махсус дастур асосида ўқитилиб, танланма равишда маҳаллаларга чиққан ҳолда уларнинг амалий кўникмалари оширилди.

Ҳозирги кунда 4 та ҳудуд бўйича ишлаб чиқилган ташкилий режага мувофиқ, маҳаллаларда аҳолини рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва назорат қилишга мўлжалланган рўйхатга олиш участкалари ташкил этилмоқда. Жами бўлиб 100 та, шундан, Хўжаобод туманида 11 та, Юқори Чирчиқ туманида 13 та, Хива шаҳрида 7 та ва Яшнобод туманида 19 та рўйхатга олиш участкалари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, ҳар 5 нафар рўйхатга олувчи ишини назорат қилиб борувчи инструкторлик участкалари ташкил этилмоқда. Булар, Хўжаобод туманида 56 та, Юқори Чирчиқ туманида 68 та, Хива шаҳрида 36 та ва Яшнобод туманида 94 тани ташкил этади.

Мазкур участкалар учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур воситалар билан жиҳозланган бино ёки хоналар ажратилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирда аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига вақтинча жалб этиладиган ходимларни танлаб олиш ишлари давом этмоқда. Рўйхатга олиш жараёнларига жами бўлиб 1900 нафарга яқин ходим жалб этилиши режалаштирилган. Булар, Хўжаобод туманида 413 нафар, Юқори Чирчиқ туманида 506 нафар, Хива шаҳрида 268 нафар ва Яшнобод туманида 698 нафарни ташкил этади.

Бошқа янгиликлар