“Навоийлик ҳамшира Президент Мирзиёевга мурожаат йўллади” сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларининг бирида йўлланган мурожаат юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди.
Видеомурожаат Кармана туман тиббиёт бирлашмасига қарашли собиқ болалар поликлиникаси биноси олдида тасвирга олинган бўлиб, ушбу муассаса Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2021 йил 5 июлдаги 85-сонли буйруғига асосан “Махсус поликлиника” сифатида фаолият юритган.
Махсус поликлиника коронавирус, пневмония ва бошқа белгилар билан касаллик бирламчи аниқланган, касаллик белгилари бўлган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга бирламчи ташхис қўйиш ҳамда коронавирус инфекциясини даволаш ва ташхислаш стандартларига асосан текширувлардан ўтказиш мақсадида ташкил этилган. Поликлиникада рентгенография, лаборатор инструментал текширувларни ўтказиш, туман аҳолисидан коронавирусга тест олиш ҳамда касаллик асоратли кечган беморларни махсус шифохонага йўналтириш ишлари амалга оширилган.
Ушбу муассаса вилоятда эпидемиологик вазият барқарорлашгани сабабли 2021 йил 12 сентябрь куни ўз иш фаолиятини тўхтатди.
2021 йил Навоий вилоятида коронавирус инфекцияси, пневмония ва бошқа белгилар кузатилган беморларга 5 та муассаса (Вилоят болалар юқумли касалликлари шифохонаси, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят эндокринология диспансери, Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими, “Ёшлик” ўйингоҳи таркибидаги саралаш-тақсимлаш маркази) томонидан ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди.
Жорий йилнинг апрель-сентябрь ойлари давомида вилоят аҳолисига 830 та ўриндан иборат юқорида кўрсатилган муассасалар томонидан тиббий хизмат кўрсатилиб келинган. Стационар ёрдамга муҳтож беморларнинг барчаси кўрсатмага мувофиқ, стационар даво учун ётқизилган. Шунингдек, муассасаларда беморларни ётқизиш учун захира ўринлари ҳам мавжуд. Шу сабабли, айни пайтда Кармана туман тиббиёт бирлашмасига қарашли собиқ болалар поликлиникаси биносида ковид шифохонаси очишга умуман эҳтиёж йўқ.
Коронавирус, пневмония ва бошқа белгилар билан мурожаат қилган беморларга ёрдам кўрсатиш учун фаолият юритган даволаш -профилактика муассасаларига тиббиёт ходимларини жалб қилиш бўйича ҳеч қандай корупцион ҳолатлар аниқланмаган, бундай мазмундаги мурожаатлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига келиб тушмаган.
Мутахассисларнинг асосий қисми махсус шифохонанинг ўз ходимлари бўлиб, бошқа даволаш-профилактика муассасаларидан фақат анестезиолог-реаниматолог, пулъмонолог ва юқумли касалликлар шифокорлари жалб қилинган, холос. Қўшимча ўрта тиббиёт ходимларини ишга жалб қилишга эса эҳтиёж бўлмаган.
Юқорида кўрсатилган барча сабаблар ушбу мурожаат асоссиз эканини кўрсатади.






