Душанбеда бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлиги ташкилотининг саммитида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон борасида ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ҳамда ахборот хавфсизлигини кучайтиришни таклиф қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ШҲТ доирасида қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилди.
Афғонистондаги вазият бўйича:
▫️ ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш;
▫️ янги ҳукумат билан мулоқотни йўлга қўйиш;
▫️ Афғонистон жамиятининг барча қатлам ва гуруҳлари вакиллари давлат бошқарувида бўлиши жуда муҳим;
▫️ ҳудудда экстремизм ва радикал ғоялар ўсишига йўл қўймаслик;
▫️ Афғонистон ҳудудидан учинчи мамлакатларга хавф солишга йўл қўймаслик;
▫️ инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқларини таъминлаш;
▫️ ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш;
▫️ хорижий банклардаги Афғонистон давлат активларини блокдан чиқариш;
▫️ доимий равишда «ШҲТ-Афғонистон» форматида юқори даражали учрашувлари ўтказиш;
▫️ Биринчи саммитни Тошкентда ўтказиш.
ШҲТнинг истиқболлари бўйича:
1. ШҲТ обрўйи ва потенциалини ошириб бориш муҳим. Келажак 5 йилга мўлжалланган яхши қўшничилик ва ҳамкорлик комплекс дастурини тузиш.
2. ШҲТ ҳудудида ички савдони йўлга қўйиш. Унинг ичига савдо тўсиқларини олиб ташлаш бўйича биргаликда қабул қилинган чоралар киритилади. Техник регламентлар ва божхона жараёнларини умумлаштириш.
3. ШҲТ саноат кооперация дастурини қабул қилиш. Давлатларда индустриал кооперация марказлари ташкил қилиш. Келгуси йилда ШҲТнинг иқтисодий форуми ва инновациялар ҳафталиги ўтказишга Ўзбекистон тайёр.
4. Транспорт алоқалари бўйича ШҲТ стратегиясини қабул қилиш. ШҲТ давлатларининг транспорт потенциалини ҳамда «Шарқ - Ғарб» ва «Шимол - Жануб» транспорт коридорлари самарадорлигини оширади. Энергетика коммуникация ва «Яшил тараққиёт» соҳаларида ШҲТнинг узоқ муддатли инфратузилма лойиҳаларини қабул қилиш.
5. ШҲТ доирасида камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат муаммоларига бағишланган вазирлар даражасида доимий учрашувлар ўтказиш.
6. ШҲТ ҳудудида тинчлик ва тотувликни таъминлаш. Бунинг учун ШҲТ РАТС имкониятларидан кенг фойдаланиш.
7. ШҲТнинг кибер хавфсизлик бўйича экспертлар форуми ташкил қилиш.
8. ШҲТ доирасида маданият, спорт, туризм соҳаларида ва ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш.
9. Соғлиқни сақлаш соҳасида инфекцион касалликларни профилактика қилиш ва даволаш борасида биргаликда йўл харитаси қабул қилиш. Ўзаро вакциналар сертификатларни тан олиш.
Маълумат учун: ШҲТ декларацияси 2001 йилда Шанхайда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан ташкил қилинган эди. 2017 йилда ташкилотга Ҳиндистон ва Покистон тўлиқ аъзо бўлишди. Афғонистон, Беларусия, Эрон ва Монголия ШҲТда кузатувчи мақомига эга. Шунингдек 6 та давлат «мулоқот шериги» мақомида (Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка).






