АсосийJamiyat

Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилмоқда — Олий Мажлис

'Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилмоқда — Олий Мажлис'ning rasmi

Бугун, 17 сентябрь куни Фарғона вилоят ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати томонидан “Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Семинарда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, ҳокимлик мутасаддилари, бошқарма ва ташкилотлар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши доирасида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш орқали мутасадди раҳбарлар фаолияти, шунингдек, ҳудудларни баҳолаш зарурлиги ўз ифодасини топган.

Семинарда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга урғу берилди. Таъкидланганидек, Низомга асосан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилишини рейтинг баҳолашда 9 та индикатор ва 44 та субиндикатордан фойдаланилади. Республика комиссияси таркибига Сенат Раиси бошчилигида ёшлар билан бевосита ишлайдиган вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарлари жалб қилинган.

 Ҳар йили май, июнь ойларида ҳудудлардан якуний маълумотлар олиниб, ғолиблар эълон қилинади. Эътиборлиси, ғолиб ҳудудлар раҳбарлари йил давомида мунтазам рағбатлантирилиб борилиши режалаштирилган. Кўрсаткичлари паст ҳудудлар фаолияти эса танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилади.

Шунингдек, семинарда рейтинг баҳолаш тизими ҳақида тақдимотлар асосида атрофлича маълумот берилиб, истиқболдаги вазифалар келишиб олинди.

    Бошқа янгиликлар