Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ходими ва болали аёллар ўртасидаги мунозара акс этган видео тарқалмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати маълумот тақдим этди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 16 сентабрь куни тахминан соат 21:00 ларда Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ходимлари И.Исомиддинов ва Ж.Шамсиддиновлар Миробод тумани Шахрисабз кўчасида хизмат олиб бораётган вақтида йўлнинг қатнов қисмида гўдак фарзандлари билан тиланчилик қилаётган аёллар — 2003 йилда туғилган A.Шахзода, 1998 йилда туғилган Н.Рашида ва бошқа бир нечта фуқароларни кўрган.
Ходимлар ушбу аёлларга жамоат жойида тиланчилик қилиш мумкин эмаслигини тушунтиришган ва уларни шахсини аниқлаш мақсадида яқин орадаги ички ишлар бўлимига бориши кераклигини айтишган. Бироқ аёллар жавобгарликдан қочиб қутулиш мақсадида бақир-чақир қилиб жамоат тартибини бузишган. Ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмаётганлиги акс этган ҳолатни тасвирга олган фуқаро реал ҳолатни билмасдан, шов-шув кўтариш мақсадида видеони ижтимоий тармоқларда жойлаштирган.
Ўтказилган текширув натижаси бўйича A.Шахзода ва Н.Рашидаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”), 194-моддаси 1-қисми (“Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органи ходимнинг қонуний талабларини бажармаслик”), 188 прим 3-моддаси (“Тиланчилик қилиш”) бўйича баённома расмийлаштирилди.






