Қорақалпоғистонлик Анесия Утагенова буйрак трансплантацияси амалиётини 2017 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон бўйича биринчилардан бўлиб бошдан ўтказган беморлардан биридир. У 2020 йилда турмушга чиққан. Турмуш қилишидан аввал ҳам шифокорларнинг жиддий текширувларидан ўтган. Яқинда Анесия тўнғич фарзандини дунёга келтирди. Бу ҳақда ССВга хирург-трансплантолог Зоҳиджон Маткаримов маълум қилган.
Зоҳиджон Маткаримовнинг таъкидлашича, буйрак трансплантациясини бошдан ўтказган беморларнинг туғишини ривожланган давлатларда ҳам кўплаб нефрологлар бўйнига олмайди. Чунки ҳомиладорлик беморга салбий таъсир қилиб, ҳомила ва бўлғуси онанинг тақдири хавф остида қолиши мумкин.
— Юртимизда тиббиётга, айниқса, орган транспланталогиясини рифожлатиришга қаратилган эътибор ва яратилган кенг имкониятлар туфайли шундай натижаларга эришмоқдамиз, — дейди шифокор. — Агар бемор чет элда операция қилинганида, кейинчалик ҳомиладор бўлса ҳам назорат учун хорижга кетишига тўғри келарди. Бу эса ҳомиладор аёлнинг яна сарсон бўлишига сабаб бўлади, албатта.
Анесия Утагенова ҳомиладорлик вақтида ҳам малакали нефролог, трансплантологларнинг назоратида бўлган. Қувончли томони шундаки, унинг 3 килограм оғирликдаги фарзанди Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида табиий туғиш йўли билан дунёга келди. Ҳозирда она ва боланинг аҳволи яхши. Уларга шифохонадан рухсат берилди.
— Ҳозир тиббий назоратимизда буйрак трансплантацияси амалиётини ўтказган 3 нафар ҳомиладор аёл бор. Улар ҳам фарзандларининг соғ-саломат дунёга келтириши учун саъй-ҳаракат қилмоқдамиз, — дея қўшимча қилди Зоҳиджон Маткаримов.






