АсосийJamiyat

Ўзбекистонда ҳар йили ҳокимликлар 100 нафар, молиявий барқарор ОТМ 50 нафар хотин-қиз талабани бепул ўқитиши мумкин

'Ўзбекистонда ҳар йили ҳокимликлар 100 нафар, молиявий барқарор ОТМ 50 нафар хотин-қиз талабани бепул ўқитиши мумкин'ning rasmi

Ҳукумат қарори (577-сон, 17.09.2021 й.) билан Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 25 нафардан ҳамда 2-4-курсларда ўқиётган 75 нафар (ҳар бир курсдан – 25 нафардан), жами 100 нафар хотин-қизлар учун тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб беради.

Молиявий барқарор давлат ОТМ томонидан уларнинг кенгашлари қарорига мувофиқ, 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бепул ўқитилади.

️Бунда талабгорларнинг кейинги ўқув йиллари учун таълим кредитлари расмийлаштирилади. Ҳокимликлар ўз ҳудудларидаги талабгорлар учун учинчи шахс кафиллигини беради ҳамда ўқишни тамомлагандан сўнг уларни иш жойи билан таъминлайди.

Талабгорларни танлаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

— отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган муҳтож қизлар;

— боқувчиси йўқ эҳтиёжманд ёлғиз аёллар.

Бунда юқоридаги мезонларга мос келувчи хотин-қизлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ижтимоий ҳолати тўғрисидаги маълумотномани ҳар йили 10 кун ичида ОТМ қабул комиссиясига тақдим этади.  

Давлат ОТМ 5 кун мобайнида рўйхатни шакллантириб, ҳокимликларга ёзма равишда маълумотларни юборади.

Шунга кўра, Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёллар олий таълим олишларини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш комиссияси 15 кунда (лекин ҳар ўқув йилида 15-сентябрдан кеч бўлмаган муддатда) талабгорлар рўйхатини ҳамда шартномани имзолаш бўйича хулосаларни давлат ОТМга ёзма равишда киритади ва белгиланган тартибда шартномаларни расмийлаштиради.  

Мазкур тартиб тўлов-контракт асосида давлат ОТМ бакалавриатига (кундузни, сиртқи, кечки таълим шаклидан қатъи назар) талабаликка тавсия этилган ҳамда 2-4 курсларда таҳсил олаётган талабгорларга қўлланилади.

Қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:

  • иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этган талабгорларга;
  • Ўзбекистонда жойлашган хорижий ОТМ ёки уларнинг филиаллари, нодавлат таълим хизматлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субектларига;
  • олий ҳарбий таълим муассасаларига.

Талабгорлар жорий ўқув йили давомида ОТМни ёки таълим йўналишини ўзгартирса ёхуд талабалар сафидан четлаштирилса мазкур имтиёздан фойдаланиб бўлмайди.

Талабгорларни танлаб олиш натижалари “Aziz-ayol.uz” Ягона интерактив миллий платформаси орқали эълон қилинади.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар