АсосийЖАМИЯТ

Бутунжаҳон тозалик куни. У фақат бир кун керакми?

18 сентябрь - Бутунжаҳон тозалик куни. Аслида тозалик учун қайсидир бир кунни белгилаш ва...

'Бутунжаҳон тозалик куни. У фақат бир кун керакми?'ning rasmi

18 сентябрь - Бутунжаҳон тозалик куни. Аслида тозалик учун қайсидир бир кунни белгилаш ва уни нишонлаш эмас, ҳар нафасимиз, ҳар қадамимизда тозаликка эътибор қаратишимиз лозим.

Бундан бир неча ой муқаддам Тошкент вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ташаббуси билан "Табиат – ҳаммамиз учун” экологик акцияси ўтказилиб, унда Бўстонлиқ туманидаги Чимён ҳудуди ва Ўрта Чирчиқ туманидаги Туябўғиз сув омбори атрофини чиқиндилардан тозалаш ишлари амалга оширилган эди.

Бу сафар Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Экология бошқармаси ташаббуси билан Чирчиқ шаҳрида вилоят Ички ишлар бошқармаси, Ёшлар иттифоқи ҳамда вилоят Экологик партияси ҳамкорлигида навбатдаги экологик акция ташкил этилди.

Бутунжаҳон тозалик куни дам олиш кунига тўғри келгани ҳам зап иш бўлди. Тадбирда атроф муҳит озодалигига бефарқ бўлмаган 500 дан ортиқ кўнгилли ёшлар, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари жонбозлик кўрсатиб, ҳудудда тўпланиб қолган 4 тоннадан ортиқ турли хилдаги қаттиқ маиший чиқиндиларни тозалаш ишларида қатнашишди.

Тадбирдан мақсад фуқароларнинг экологик онг ва маданиятини юксалтириш, уларда атроф, табиий муҳитга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартиришдир.

Ўйлаймизки, бу каби тадбирлар ҳамюртларимизни хушёр торттиради. Кўнгиллилар тозалаган жойларни кўриб, тегишли хулоса қилишади. Зеро, атроф-муҳитни авлодларга ҳеч бўлмаганда ўз ҳолича етказиш фақатгина бир ҳокимлик, бошқарма ёки кўнгиллилар эмас, барчамизнинг зиммамизда эканлигини ҳис қилиб яшашамиз керак.

 

Сардорбек Раҳмонқулов

    Бошқа янгиликлар