Жиззахда туман прокурори ДХХ томонидан қўлга олинди.
У 2 минг АҚШ доллари пора олгани айтилмоқда. ДХХ матбуот хизмати бу ҳақда маълум қилди.
Маълум бўлишича, Жиззах вилоятидаги туман прокурорларидан бири таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи давлат унитар корхонасининг мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтаётган қурилиш фирмаси раҳбарига қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўлламаслик ҳамда мазкур фирмада аниқланган камомад миқдорини камайтириб кўрсатиш эвазига ундан 2 минг АҚШ доллари сўраб, муқаддам ушбу пулдан 1200 долларини олади.
ДХХнинг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман прокурори ўз хизмат хонасида пулнинг қолган 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланади.
Самарқандда ҳам ана шундай жиноий ҳаракатнинг олди олинди.
Гап шундаки, Самарқанд вилоятидаги туман прокурорларидан бирининг ўринбосари моддий манфаатдор бўлиш мақсадида, маҳаллий фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан суд томонидан тайинланган 3 йил озодликни чеклаш жазосини бошқа оғирроқ жазо турига ўзгартириш учун протест киритиб, суднинг апелляция босқичи жараёнида ҳукмни ўз кучида қолдириш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу сўралган пулни прокурор ўринбосарининг топшириғига кўра, унинг воситачиси олган вақтида ушланди.
Туман прокурори ўринбосарининг бу ишга алоқадорлиги унинг воситачиси берган кўрсатма ҳамда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида тўпланган ашёвий далиллар асосида тўлиқ тасдиғини топган.






