АсосийJamiyat

Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёлларининг минтақавий иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга бағишланган бизнес-форум ўтказилди

'Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёлларининг минтақавий иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга бағишланган бизнес-форум ўтказилди'ning rasmi

Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари Бишкек шаҳрида расмий ташриф билан бўлиб турибди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати маълум қилди.

Ташриф доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги делегациямиз “Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёллари мулоқоти” халқаро бизнес-форумида иштирок этди.

Қирғизистон ва Ўзбекистон тадбиркор аёлларининг минтақавий иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш учун уларнинг барқарор мулоқотини шакллантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда вазирликлар, халқаро ташкилотлар, бизнес бирлашмалари, фуқаролик жамияти вакиллари, тадбиркор аёллар ва ОАВ вакиллари ҳам иштирок этди.

Форумни очар экан, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Қирғизистон ва Ўзбекистон Тадбиркор аёлларининг бундай кенг форматдаги ва икки мамлакат вакиллари делегациялари иштирокидаги мулоқоти илк бор ўтказилаётганини, шунингдек мазкур бизнес-форум хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очиб беришини таъкидлади.

— Ўзбекистон  Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотида раислик доирасида ҳам минтақавий, ҳам икки томонлама форматларда тадбиркор аёллар ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта аҳамият беради, — деди Танзила Нарбаева.

Форум давомида тадбиркор аёллар учун янги имконият ва истиқболлар яратиш, Марказий Осиё мамлакатлари учун иқтисодиётнинг муҳим йўналишларида малакаларни мустаҳкамлаш, мамлакат ва минтақавий даражада тадбиркор аёлларни бирлаштириш, иштирокчи мамлакатлар тадбиркорлари тажрибасини намойиш этиш ҳамда ўтказиш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Ўтган беш йилнинг ўзида икки томонлама товар айланмаси деярли ўн баробар ўсди ва 2020 йил якунига кўра 900 млн доллардан ортиқни ташкил этди.

— Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — деди Танзила Нарбаева. — 2020 йилда тадбиркор аёллар сони 172,4 мингга етди. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари фаолият кўрсатмоқда, уларда ҳар йили 30 мингга яқин аёлга тадбиркорлик, касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва ишга жойлашиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилади.

Устав капитали 96 млн АҚШ доллари бўлган янги ташкил этилган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси доирасида тадбиркор аёлларнинг лойиҳаларини имтиёзли кредитлаш дастури ишга туширилди.

Форум Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида Марказий Осиё ва Афғонистон тадбиркор аёллари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар бажарилишига кўмаклашиши таъкидланди.

Ушбу тадбир парламентлараро, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, икки мамлакат ўртасида юксак даражада аҳил қўшничилик, стратегик ҳамкорлик ва минтақада аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича илгари эришилган келишувларни мустаҳкамлайди. Иштирокчиларнинг бой тажрибаси эса хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш соҳасидаги мақсад ва вазифаларни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Иштирокчиларнинг фикрича, Форум барқарор иқтисодиёт учун энг яхши амалиёт яратишда тадбиркор аёллар ўртасидаги мамлакатлараро ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун асос бўлади.

    Бошқа янгиликлар