Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов Беларус Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари – Ветеринария ва озиқ овқат департаменти директори Иван Смильгинь билан учрашди. Бу ҳақда қўмита Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасида ташкил этилган учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хусусан, икки давлат ўртасида назорат остидаги товарлар экспорт, импорт ва транзит кўрсаткичлари тобора ошиб бораётганлиги қайд этилди. Беларусь томони вакилларига мамлакатимизда ветеринария соҳасига қаратилаётган эътибор, соҳа ривожи учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Жумладан, юртимизда ветеринария қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришлар ва назорат остидаги товарларни импорт қилишга доир янги қонун ва меёърий ҳужжатлар борасида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мулоқот сўнгида томонлар ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олишди.






