Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи фуқаро М.Юсувалиева томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат келиб тушган.
Унда қайд этилишича истеъмолчи, тумандаги кредит савдо дўконларининг биридан июнь ойида 3.753.600 сўм эвазига муддатли тўлов шарти билан Samsung русумли қўл телефони харид қилган. Лекин ушбу қўл телефони носоз чиққанлиги боис сотувчи билан боғланиб носоз қўл телефони ўрнига, шу маркадаги бошқа телефонга алмаштириб беришларини талаб қилган.
Сотувчи эса, қўл телефонини техник кўрикдан ўтказган ва ҳақиқаттан ҳам телефон аппарати носоз экани маълум бўлган. Дўкон ходимлари мазкур маркадаги телефон йўқ экани, агар 3-4 кун кутса, янгиси келганда алмаштириб беришларини айтган. Истеъмолчи орадан 5 кун ўтиб яна хабар олади. Бироқ, яна турли баҳоналарни рўкаж қилиб телефон аппаратини алмаштириб беришмаганини таъкидлаган.
збекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги келишувга кўра, Samsung телефони ўрнига Xiaomi Mi Note 9 128 G русумли қўл телефонига алмаштириб берилишига эришилди.
Шунингдек, Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи фуқаро З.Холматовниниг Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига қилган мурожаати Федерация масъуллари томонидан ўрганилди.
Мурожаатда қайд этилишича, истеъмолчи хонадонига 2004 йилда табиий газ ўтказилган бўлиб, истеъмолчи тўловларни мунтазам ва ўз вақтида амалга ошириб келишига қарамай Қува туман Газ таъминот корхонаси томонидан 175 560 (бир юз етмиш беш минг беш юз олтмиш) сўм қарзини ўз вақтида тўлаши кераклиги ҳақида хат келган.
Мурожаатини ўрганиш жараёнида амалга оширилган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинганда, истеъмолчининг ҳақиқатда 47 320 сўм қарздорлиги мавжудлиги, базага нотўғри ҳисоб киритилиши натижасида қарздорлиги 222 880 сўмга айланиб кетганлиги аниқланди.
Яна бир ҳолат. Ушбу ҳудудда яшовчи яна бир фуқаро Х.М. нинг мурожаати ҳам ўрганилиши жаарёнида газ идораси ходимлари томонидан газ ҳисоблаш ускунасининг кўрсатгичи нотўғри киритилиши натижасида истеъмолчида 101 339 сўм асоссиз қарздорлик юзага келганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги ҳолатларни ўрганиш натижасида, истеъмолчиларга нисбатан ҳисобланган асоссиз қарздорлик бартараф этилишига эришилди.






