АОКАда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорнинг биринчи ўринбосари Баҳодир Каримов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Унда "Ногиронларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Президент қарори ижроси юзасидан маълумот берилди.
Жумладан, қарорга мувофиқ, жорий йил охирига қадар "Zamin” халқаро жамоат жамғармаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда 4 мингта замонавий эшитиш мосламаси харид қилинади ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таҳсил олаётган эшитиш қобилияти заиф болаларга етказилади. Бундан ташқари:
- Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказлари 2021-2023 йилларда 54 та, 2021 йилнинг ўзида 14 та замонавий экзоскелет ускунаси билан таьминланади;
- ногиронлиги бўлган шахслар замонавий электр юритмали кресло-аравачалар билан таъминланади;
- кўзи ожиз болалар ва катталарни керакли жиҳозлар, жумладан, овозли термометр, овозли тонометр ва Брайл алифболари билан таъминланади;
- 2022 йил 1 майга қадар "Ижтимоий хизмат" электрон платформаси ишлаб чиқилади ва ишга туширилади;
- 2021 йилда 5000 тагача ва 2022-2023 йилларда 12 000 тагача соат ("Ақлли соат") давлат бюджети ҳисобидан тегишли тоифадаги шахсларга етказиб берилади.






