АсосийJamiyat

Сенаторлар таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилишди

'Сенаторлар таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилишди'ning rasmi

2021 йил 24 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, экспертлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Мажлисда парламент юқори палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Шу жумладан, таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлашдаги долзарб муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлашда ҳукумат томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастури лойиҳасини ҳар йили 1 декабрдан кечиктирмай Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгилаб қўйилган ва бу тартибга амал қилинмоқда.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб техникумлар ўқувчиларига амалиёт ўташ жойларини ташкил қилиш ҳамда келгусида ишга жойлашишлари учун 800 га яқин тармоқ корхона ва ташкилотларга бириктириш юзасидан ҳукумат қарори тайёрланган.

Ёшларнинг тадбиркорлик билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасаларида “Кичик бизнес ва тадбиркорлик асослари”, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ташкил этиш”, “Туризмда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш” ва “Бизнесни ташкил этиш ва юритиш” фанлари ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилган.

2019-2021 йилларда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари учун замонавий бинолар қуриш, ходимларни рағбатлантириш ва моддий-техник базасини яхшилаш учун талаб этиладиган харажатларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 24 млрд 600 млн сўм микдорида маблағлар молиялаштирилиб, 20 та замонавий хизмат кўрсатиш биноси фойдаланишга топширилган.

“Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида www.ish2.mehnat.uz бўш (вакант) иш ўринлари базаси яратилган.

Мажлисда амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш жараёнида сенаторлар томонидан битирувчилар бандлигини таъминлаш борасида бир қатор тавсиялар ҳам илгари сурилди.

Жумладан, олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини ўқув-ишлаб чиқариш амалиётига жалб қилиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда хусусий секторда кадрларни ишга жойлаштириш бўйича субъектлар фаолиятини рағбатлантириш тизимини яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил 1 ярим йиллик якунлари бўйича ижроси ҳам муҳокама қилинди. Бунда асосий эътибор маданият ва спорт соҳаси ҳамда ёшлар учун давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланишига қаратилди.

Муҳокамалар якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

    Бошқа янгиликлар