АсосийJamiyat

Оқсил касаллигига қарши эмланган ҳайвонларда иммунитет давомийлигини ўрганиш бўйича ҳудудларда серомониторинг ўтказилмоқда

'Оқсил касаллигига қарши эмланган ҳайвонларда иммунитет давомийлигини ўрганиш бўйича ҳудудларда серомониторинг ўтказилмоқда'ning rasmi

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасининг кўрсатмасига асосан, республика ҳудудида эпизоотияга қарши амалга оширилаётган профилактик тадбирлар сифатини баҳолаш мақсадида оқсил касаллигига қарши эмланган ҳайвонларда иммунитетни давомийлигини ўрганиш бўйича серомониторинг тадбирлари ўтказилди.  

Шу жумладан, Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги Давлат марказида Ветеринария илмий-тадқиқоти институти илмий изланувчиси М.Эранов ҳамда Худудий ташхис лаборатория мутахассислари (РДЛ) ҳамкорлигида Иммуно фермент таҳлиллари ўтказилган.  

Натижада Қашқадарё, Фарғона, Тошкент, ва Хоразм вилоятларида 2020-2021 йилларнинг қишки – баҳорги мавсумида оқсилга қарши 3-валентли эмлама билан эмланган қорамолларда иммунитет даражаси ва давомийлиги ўрганилган. Шу жумладан, оқсилнинг А, О, Осиё-1 серотипларига қарши пайдо бўлган иммунитет даражаси, аҳоли ва фермерларнинг ҳайвонларидаги иммунитет давомийлиги, ҳайвонлар ёшига нисбатан иммунитет фарқи ва бошқа омиллар ўзаро таққосланиб, таҳлил этилган.

Бундан ташқари ҳайвонлар қон зардобида оқсилнинг А, О, Осиё-1 серотипларига қарши антителани аниқловчи ИФТ тўпламлари турли мезонлар  асосида ўзаро солиштирилган ва амалиётда таққосланган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш Давлат қўмитасининг қайд этишича, мазкур лаборатория таҳлилларидан асосий мақсад олинган натижалар асосида келгусида Ўзбекистонда оқсилга қарши профилактик эмлаш тадбирларини режалаш, амалга ошириш, сифатини баҳолаш ва лаборатория таҳлилларини ўтказиш каби комплекс тадбирларни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишдан иборат.

Бошқа янгиликлар