Жорий йилнинг 25-сентябрь куни соат 15:30 да, 155-сонли йўналишда ҳаракатланувчи ҳайдовчи "Машинсозлар" бекатида автобус ичида бўлган йўловчи аёл "оралиқ бекатда кўп туриб қолдинг" деган эътирозига нисбатан қўполлик билан жавоб қайтаргани акс этган видео йу́ловчи томонидан суратга олиниб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.
Ҳолат юзасидан "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ Ахборот хизмати муносабат билдирди.
Мазкур ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ишлари ўтказилганда, ушбу автобус Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғилланувчи "Автосантранс-сервис" МЧЖга бириктирлган, давлат рақами 01/035QBA бўлган, 155-сонли йўналишда ҳаракатланувчи "ИСУЗУ" русумли автобус ҳайдовчиси О.Ш эканлиги аниқланди.
Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида "Автосантранс-сервис" МЧЖ раҳбарияти томонидан еғилиш ўтказилиб, ҳайдовчининг ўз хизмат вазифаси давомида йўловчини ҳақоратлагани, йўналишда уяли алоқа воситасидан фойдалангани ва карантин қоидаларига амал қилмасдан тиббий ниқоб тақмаганлиги каби қоидабузарликларни амалга оширгани учун вақтинча ҳайдовчилик вазифасидан четлатилди. Бўлиб ўткан ҳолат тегишли тартибда тахлил қилиниб воқеага аниқлик киритилганидан сўнг мазкур ҳайдовчининг ҳайдовчиликка лойиқлик масаласи кўриб чиқилиши белгиланди.
Шунингдек, барча ҳайдовчилар билан йўловчиларни хавфсиз ташиш ва уларни ўз манзиларига соғ-омон етказиб қўйиш энг олий мақсадимиз эканлиги, йўловчилар билан хушмуомалада бўлишлик, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ва карантин қоидаларига амал қилиш юзасидан яна бир бор тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳайдовчилар устидан назорат кучайтирилди.
"Ҳурматли ҳайдовчилар! Сиз транспорт воситасини бошқараётган вақтингиз нафақат ўзингизнинг балки, йўловчиларнинг ҳам ҳаётига жавобгар эканлигингизни унутманг.
Азиз йўловчилар! Юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда "Тошшаҳартрансхизмат" Акциядорлик жамиятининг 1062 ишонч рақамига ва info@tashbus.uz орқали мурожаат қилишингизни хамда автобус ҳайдовчиси амалга ошираётган қоидабузарликни суратга олиб автобус рақамини бизга юборишингизни илтимос қиламиз", - дейилади расмий муносабатда.






