27 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлиси ўтказилди. Унда сенаторлар, Қўмита эксперт гуруҳи аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссия раислари, вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши назарда тутилган масалалар, хусусан, “Наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, уни ишлаб чиқишда чуқур таҳлиллар олиб борилмаганлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа миллий қонунчилик ҳужжатлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ўрганиб чиқилмаганлиги аниқланди.
Қолаверса, Қонунга киритилаётган янги “ғайриихтиёрий даволаш” тўғрисидаги норманинг мазмун-моҳияти очиб берилмаган ҳамда мажбурий даволаш тушунчаси ўртасидаги фарқли жиҳатлари ёритилмай қолган.

Бундан ташқари, ҳужжатда Фуқаролик процессуал кодексига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда шахсни ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш бўйича судга ариза бериш ваколати фақатгина ички ишлар органларига берилгани айтилади. Ушбу фуқаролик процессуал кодексида белгиланган алоҳида тартибда кўриб чиқиладиган ишларда ички ишлар органлари тараф сифатида қайд этилмаган.
Шу боис, Қўмита томонидан мазкур ҳужжатни рад этиш юзасидан Сенат ялпи мажлисига хулоса киритилиши ҳақида таклифлар билдирилди.

Шунингдек, мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2021 йил биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича ҳисоботи кўриб чиқилди.
Муҳокама жараёнида Давлат бюджетининг ижроси юзасидан мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим, соғлиқни сақлаш ва инновацион ривожланиш вазирликлари мутасаддиларининг ахбороти эшитилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.







