АсосийSiyosat

Наманган шаҳри ҳам "миллион" шаҳарга айланади

'Наманган шаҳри ҳам "миллион" шаҳарга айланади'ning rasmi

Бундан олдин Самарқанд шаҳрининг "миллион" шаҳарга айланиши ва бу билан қандай афзалликларга эришиш мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Шавкат Мирзиёев Наманганда бўлиб ўтган йиғилишда Наманган шаҳри ҳам миллион киши яшайдиган шаҳар бўлишини маълум қилди.

"Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг хабар беришича, президент бу ҳақда ўз нутқтнинг уй-жой қуриш, йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш бандида тўхталиб ўтган. 

Бунга қандай эришилади?

Бунинг учун Юксалиш массивида 30 минг оила учун 330 та кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча, шифохона, кичик саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларини қамраб олган “Янги Наманган” шаҳарчаси бунёд этилади. Шунингдек, шаҳарчада 95 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” барпо қилинади. Наманган шаҳри марказида барча қулайликларга эга, Халқаро ишбилармонлик маркази қурилади.  

Бундан ташқари, вилоятда келгуси беш йилда жами 16 минг хонадонли 700 та кўп қаватли уйлар қурилади. Бу – олдинги йилларга нисбатан 1,9 баробар кўп, дегани.

Инфратузилма-чи?

Наманган шаҳрида 360 та кўп қаватли уйлар ва 16 та ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимини модернизация қилишга 15 миллион доллар йўналтирилади.  

Наманган шаҳридаги автомобил қатнови тирбанд бўлган 5 та кўчаларда йўл ўтказгичлар қурилади.

Келгуси беш йилда вилоятда марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 63 фоиздан 85 фоизга етказилади. Айниқса, 250 миллион долларлик лойиҳани амалга ошириш ҳисобига, Наманган шаҳри, Мингбулоқ, Наманган, Поп, Чортоқ ва Чуст туманларининг 123 та маҳалласида яшовчи 360 минг нафар аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етиб боради.

Бунинг учун, 850 километр ичимлик суви ва 60 километр канализация тармоғи, 30 та сув иншооти ҳамда 3 та оқова сув иншооти барпо этилади.

Бундан ташқари, электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида, келгуси беш йилда 6,5 минг километр тармоқлар янгидан қурилади ва реконструкция қилинади, 2 мингга яқин трансформатор ва 12 та подстанция янгиланади.

Шунингдек, 7 минг километр автомобиль йўллари ва 252 та кўприкни қуриш ва таъмирлаш учун келгуси беш йилда 4 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Жамоат транспорти етиб бормаган 40 та аҳоли пунктига автобус қатновлари йўлга қўйилиб, ушбу мақсадлар учун 200 дона автобуслар харид қилинади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда Наманган вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 40 триллион сўм йўналтирилади.

Бундан 6,5 триллион сўми давлат бюджети ҳисобидан лойиҳалар, айтиб ўтилган дастурларга йўналтирилади.

Шунингдек, бюджетдан турли йўналишларга йилига 670 миллиард сўм субсидиялар ҳам ажратилади.

Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Халқнинг пулини адолатли тақсимлаш, мақсадли ва манзилли ишлатишни ташкил этишимиз зарур.

Бунинг учун, келгуси йилларда ҳудудни “коррупциядан холи қилиш” бўйича Наманган вилояти барчага намуна бўлиши учун алоҳида дастур қабул қилинади.

Бошқа янгиликлар