Ангрен шаҳридаги кўп қаватли уйнинг томи ёнаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Унда айтилишича, бугун, 28 сентябр куни соат 12:42 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Ангрен шаҳар 4-даҳада жойлашган тўрт қаватли 11-уйнинг том қисмида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Хабарга кўра, 7 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 1 та автонарвон техникаси соат 12:48 да воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 13:30 да бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида уйнинг тахминан 200-250 кв.м майдонда том қисми ёниб зарарланган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва жабрланганлар йўқ.
Ҳозирда ёнғин сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда.
Юқоридаги каби кўнгилсиз вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқаролардан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишни сўраб қолади.