Куни кеча Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Хамро Бектемиров иштирокида вилоятдаги чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Гурлан туманида сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати Darakchi.uz га маълум қилди.
Қайд этилишича, минтақавий вакил фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда ижтимоий тармоқ имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда хоразмликлар учун махсус телеграмм канал фаолиятини йўлга қўйиб, у орқали мурожаатларни қабул қилмоқда.
Бунда фуқаролар фамилияси, исми ва шарифи, мурожаатнинг қисқача мазмуни ва боғланиш учун телефон рақамларини қолдиришлари талаб этилади. Шундагина минтақавий вакил мурожаатчи билан алоқага чиқиб, ўз ваколатлари доирасида масалани ўрганиб чиқиш ва ҳал этиш чораларини кўрилади.
Гурлан туманида ўтказилган сайёр қабул ўтказилиши ҳақидаги хабар ҳам айнан ушбу каналда эълон қилинган.
Сайёр қабулга 50 нафарга яқин фуқаролар ташриф буюрган.
Мурожаатчилар Гурлан туманидаги бир қатор мактабларга истеъмол учун ичимлик сувининг етиб бормаётганлигидан, сув қувурларининг ўтказилганлигига қарамай сувнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Минтақавий вакил тегишли давлат ташкилотига фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган муаммолар юзасидан чораларни кўриб, ичимлик суви муаммосининг ҳал этилишига эришган.
Шунингдек, умумтаълим мактабларида ўқув жиҳозлари ва спорт инвентарларининг етишмаслигига оид мурожаатлари ҳам жойида ҳал этилган.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Хамро Бектемиров ҳар ҳафтанинг жума кунлари мурожаатчиларни қабул қилади.