Шавкат Мирзиёевнинг айни кунларда республика вилоятлари бўйлаб ташрифлари чоғида маҳаллалардаги янги ташкил этиладиган “ҳоким ёрдамчилари” лавозими жорий этилиши маълум қилиняпти. Шу жумладан, Андижон вилоятида ҳам, деб ёзмоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов. Президент Андижондаги бугунги йиғилишда уларнинг ваколатлари, меҳнат фаолияти ва уларни бу лавозимга танлаб олиш қандай ташкил этилиши ҳақида гапирди.
“Улар 2 ой давомида янги тизим асосида ишлашга ўқитилади. Ишининг самарасига қараб, уларга яхши ойлик тўланади. 2-3 йил маҳаллада ишлаб, ўзини кўрсатганларини, келгусида раҳбар лавозимларига қўйилади”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳоким ёрдамчилари иқтисодиёт ва инвестиция идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган билимли ва шижоатли ёшлар орасидан танланади.
Улар:
- маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратиш бўйича, тизимли ишларни олиб боради;
- маҳалладаги оилавий тадбиркорликка кредитлар бериш, янги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш билан шуғулланади;
- томорқа, бўш ер ва бинолардан самарали фойдаланишни ҳам ташкил этади;
- уларнинг ўз “бюджети” бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитишни ташкил этиш ҳуқуқи берилади.