Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти Эндрю Парсонс Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таклифига биноан юртимизга келди.
Меҳмон Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида тантанали кутиб олинди. Эндрю Парсонс Ўзбекистонга илк ташрифидан мамнун эканини билдирди.
Халқаро Паралимпия қўмитаси президенти юртимизда 2 октябрга қадар бўлади. Унинг бу ташрифи, албатта, бежиз эмас. Чунки малакатимиз паралимпиячиларидан иборат жамоамиз шу йил Токиода бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза жами 19 та медаль қўлга киритган ҳолда 168 та мамлакат вакиллари қатнашган дунёнинг йирик спорт анжуманида умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгалади. Мартабали меҳмон юртимизда Паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш борасида бир қатор расмий учрашувлар ўтказиши белгиланган.






