Интернетда "Қорасарой" турар-жой мажмуаси яқинида номаълум шахс автомобилига 5 ёшли болани ўтқазмоқчи бўлгани ҳақида овозли хабар тарқалди.
Тошкент шаҳар ИИБ нинг хабарига кўра, ушбу маълумот текширилганида ёлғонлиги аён бўлган. Қайд этилишича, Тошкент шаҳри ҳудудида бола ўғрилиги билан боғлиқ факт аниқланмаган.
Шу ўринда, ИИБ фуқаролардан эҳтиёт бўлишни сўрамоқда.
"Ҳурматли фуқаролар! Ижтимоий тармоқларда, мессенжерларда, интернет-майдонда ҳар сонияда турли хил хабарлар тарқайди. Эҳтиёт бўлиш зарурлиги ҳақида огоҳлантиришлар ҳеч қачон ортиқча бўлмайди. Фарзандларингизга ширинлик таклиф қилиб, нотаниш подездга, уйга кириш, бегона автомобилга минишга чорловчи бегоналардан эҳтиёт бўлишни ўргатинг.
Аммо текширилмаган маълумотни тарқатиш тўғри эмаслигини ҳам унутмаслик даркор.
Эслатиб ўтамиз, бу каби ишлар учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 202-2 моддасида ("Ёлғон ахборот тарқатиш") ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-6 моддасида ("Ёлғон ахборот тарқатиш") жавобгарлик кўзда тутилган",–дейди ИИБ ўз хабарида.






