Ўзбекистонда ноқонуний фаолият юритувчи 10 дан ортиқ букмекерлик сайтлари блокланди.
Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда букмекерлик фаолияти ноқонуний ҳисобланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 191-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар) шунингдек, Жиноят Кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш)га биноан бу турдаги фаолият ҳали ҳам ноқонуний ҳисобланади. Шу билан бирга, “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, рекламада ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулот тўғрисидаги ахборотни, жумладан, тотализатор ва букмекерлик идоралари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
"Шу аснода ўтган давр мобайнида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда 10 дан ортиқ ноқонуний фаолият юритувчи сайтларга кириш чекланди. Бу соҳадаги ишлар давом этмоқда.
Ҳурматли истеъмолчилар, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сизни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантиради",–дейилади агентлик хабарида.






