"Қиш мавсумига кўмир олмоқчиман. Қаерга учрашиб, қандай тартибда кўмир олишим мумкин?"
Аҳолидан келган шу каби саволларга "Кўмир таъминот" МЧЖ Қашқадарё вилояти филиали директори Роман Бобоёров жавоб берди:
"Аҳолига арзонлаштирилган маҳаллий кўмир тарқатиш тартиби қуйидагича: куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида дастлаб жойларда маҳалла раислари томонидан аҳолининг кўмирга эҳтиёжманд қисми аниқланиб, унинг реестри тузилади. Ушбу рестр маҳаллий ҳокимлик орқали юқори ташкилотлар − вилоят ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи томонидан тасдиқланади.
Мазкур тасдиқланган рўйхат ташкилотимизга қарашли бўлган омборларга юборилади ва давлат томонидан ажратилган кўмир ёқилғиси ана шу рўйхат бўйича тарқатилади. Кўмир ҳарид қилувчи фуқаро кўмир омборига мурожаат қилганида, ёнида албатта, шахсини тасдиқловчи хужжат (паспорт асли ва ксеронусҳаси) бўлиши керак. Шунингдек, кўмирни олиб кетиш учун ташқаридан юк автомашинаси ёллайди. Кўмир омбори маъмурияти томонидан ҳаридорларга автотранспорт хизмати мавжуд эмас.
Кўмир олувчилар рўйхатига тушмай қолган хонадон эгалари (фуқаролар) улар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги маҳалла раисининг ҳузурига боради. Бунда фуқаронинг ҳақиқатда кўмирга эҳтиёжи борлиги аниқланса, маҳалла раиси олдин берган рўйхат бўйича шакллантирилган кўмир ёқилғиси умумий ҳажминини ўзгартирмаган ҳолда уни қўшади ёки кўмир олувчилар учун янги рўйхат шакллантириб бириктирилган кўмир омборига тақдим этади" ,–дейди Роман Бобоёров.