Ижтимоий тармоқларда бир нечта мактаб ўқувчиларининг ўзаро жанжаллашаётганлиги акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ИИББ қуйидагиларни маълум қилди.
Маълум қилинишича, 28 сентябр куни 94-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9 ва 10-синф ўқувчилари ва 145-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчилари Телеграм ижтимоий тармоғи орқали ўзаро гап талашиб қолишган. Сўнг улар шу куни тахминан соат 13.20 ларда Тошкент шаҳар Миробод тумани Амир Темур кўчасида учрашиб муносабатларни ҳал қилишмоқчи бўлишган. Мазкур учрашувга 20 нафарга яқин мактаб ўқувчилари келишган ва уларнинг бир нечтаси ўртасида жанжал бошланган.
Ҳолатдан хабар топган ҳудудий профилактика инспекторлари Йўлдашбеков Абузохид ва Исамухамедов Тимурлар зудлик билан воқеа жойига этиб келишган ва уларнинг аралашуви билан катта можаронинг олди олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади.






