“Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Олий Мажлис Сенатида маъқулланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар бермоқда.
Қонун билан, 1та кодекс ҳамда 9 та қонунга, хусусан “Прокуратура тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши Конвенциясига (Нью-Йорк, 2003йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги, “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ҳамда “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар, жумладан қуйидагиларни назарда тутади:
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши;
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларга оид маълумотларнинг сир сақланиши, ўзининг ва яқин қариндошларининг соғлиғи, ҳаёти ҳамда мол-мулкини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш давлат томонидан кафолатланиши;
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимларига коррупциянинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида ушлаб турииш ва қамоқда сақлаш жойлари, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ва ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқи берилиши;
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига уларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот тақдим этганлиги туфайли тажовуз қилиш, шунингдек иш берувчи томонидан таъқиб этилиши, асоссиз ишдан бўшатиш, бошқа ишга ўтказиш, аттестациядан ўтказиш, иш шароитларини ўзгартириш, юқори лавозимга тайнлашни рад қилиш, иш ҳақини қисқартириш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши;
Коррупцияга қарши курашиш агентлигига ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кшриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколати берилиши;
Агентлик бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, давлат қарзларининг сарфланиши, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиши;
Фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ҳудудлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бошқа соҳалар кесимида коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузишни ташкиллаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига юклатилиши билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар тақдим этилди.
Шунингдек, қонун билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг қўшимча ваколатлари ҳам белгиланмоқда.
Қонун Президент томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.