Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ўзининг биринчи устози ҳақида гапирди:
Менинг биринчи Устозим туғилишим биланоқ мени қўлларига олганлар. Бувижоним, рус тили ва адабиёти ўқитувчиси, илк неваралари, жажжи ўқувчилари, яъни мен туғилганимда атиги 38 ёшда эдилар. Уларнинг ёш, гўзал, шижоатга тўла қиёфалари, чексиз меҳр ила менга берган илк сабоқлари доим кўз олдимда.
Улар менга энг оддий ва энг муҳим нарсани — Инсон бўлишни ўргатадилар. Қалбимни шукроналикка тўлдириб, бахтиёр бўлишни ўргатадилар.
Бебаҳо сабоқларингиз учун миннатдорман, азиз Бувижоним. Ўзингиз каби меҳрибон бўлишни, илмга интилишни, оқ ва қорани ажратишни ўргатганингиз учун раҳмат. Сизни яхши кўраман!
Барча Устоз ва Мураббийларга байрам муборак бўлсин. Юртимиз равнақи учун бажараётган энг машаққатли ва муҳим меҳнатингиздан миннатдорман.
Янги авлоднинг порлоқ келажаги йўлида қўлларингиз ҳам, қалбларингиз ҳам асло толмасин.