Шарқ қаҳрамони Хўжа Насриддин саргузаштлари ҳақидаги Тимур Бекмамбетовнинг янги анимацион лойиҳаси Ўзбекистон ва Қозоғистонда намойиш этилади.
Тимур Бекмамбетовнинг "Базелевс" кинокомпанияси Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва "Қозоқфильм" киностудияси билан ҳамкорликда республикаларда анимацион мактаблар очади, улар кейинчалик тўлақонли студияларга айланиши керак. Улар "Хўжа Насриддин" мультфильмини ишлаб чиқариш жараёнида ва бошқа анимацион лойиҳаларда иштирок этишади.
Томонлар бу борада "Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали давомида келишиб олдилар. Тегишли шартнома Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги копродукцион лойиҳаларга бағишланган панель сессияси доирасида имзоланди.
— "Марказий Осиё мамлакатларида Хўжа Насреддинни ҳурмат қилишади ва севишади, унинг ватани шу ерда деб ишонишади. Севимли эртак ва масал қаҳрамонининг саргузаштлари ҳақидаги анимацион фильм устида биргаликда ишлаш имконияти пайдо бўлганидан хурсандман. Ушбу лойиҳа айнан Шарқда, Ўрта Осиёда, шунингдек, маҳаллий рассомлар иштирокида яратилиши эътиборга лойиқ", - деб изоҳ берди Тимур Бекмамбетов.
— Бу жуда муҳим ва қизиқарли лойиҳа бўлиб, унга ўзбекистонлик ёш аниматорлар ҳам жалб қилинади. Ўзбекистон томонидан ажратилган инвестицияларнинг 50 фоизи ёшларнинг гонорарлари сифатида қайтади, ёш ижодкорлар танлов асосида саралаб олинади. Ўз навбатида, Кинематография агентлиги зарур техника ва ускуналарнинг барчасини тақдим этади. Бу улкан тажриба, лойиҳа якунланганидан сўнг биз мультипликация соҳасида тайёр кадрларга эга бўламиз. Афсуски, ҳозирча Ўзбекистонда ушбу соҳадаги кадрлар сони жуда ҳам кам", — дея таъкидлади Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов