1

Шерали Жўраевнинг “Атиргулим, атрингни соч” ва “Гулбадан” қўшиқларини рухсатсиз куйлаган Санжай жавобгарликка тортилди

МАДАНИЯТ 05.10.2021, 08:11
Шерали Жўраевнинг “Атиргулим, атрингни соч” ва “Гулбадан” қўшиқларини рухсатсиз куйлаган Санжай жавобгарликка тортилди

Маълумки, жорий йилнинг 20 август куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ муаллифга муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлари бузилган тақдирда, бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахслардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилиш ҳуқуқи берилди.
 

 

Хабарингиз бор, Санжай тахаллуси билан ижод қилаётган хонанда Джавбердиев Санжар шоир Усмон Азимнинг шеъридан рухсатсиз фойдаланганлиги сабабли Маъмурий суд томонидан жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилганлиги ҳақида хабар берилганди.

 

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг хабар беришича, 2021 йилнинг 29 июнда агентликка Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамиятининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги мурожаати келиб тушган.



Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро С.Джавбердиев томонидан Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Шерали Жўраев қаламига мансуб “Гулбадан” ҳамда “Атиргулим атрингни соч” номли шеърий асарлардан ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз, ноқонуний тарзда фойдаланганлиги бўйича чора кўриш сўралган.



Агентлик томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида мурожаатда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган.



Таъкидланишича, агентлик томонидан фуқаро С.Джавбердиевга нисбатан ҳолат юзасидан Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилиб, маъмурий жавобгарлик масаласи кўриб чиқиш учун тегишли судга юборилган.

Мазкур маъмурий иш материаллари 2021 йилнинг 20 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди томонидан кўриб чиқилиб, фуқаро С.Джавбердиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 (1)-моддаси биринчи қисми билан жарима жазоси қўлланилган.

 

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 62-моддасига мувофиқ ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш ҳисобланади.



Эндиликда мазкур ўзгартиришни инобатга олган ҳолда ҳуқуқ эгаси ўз муаллифлик ҳуқуқларини бузган ҳуқуқбузардан суд тартибида ўзларига етказилган зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товонни тўлашини талаб қилиши мумкин.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1