Ўзбекистонда юзлаб болалар тарбияланаётган йирик интернат муассасалари охирги чора эмас, балки муқобил етакчи вариант бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг соҳа муҳокамасига бағишланган йиғилишидан "Дарё" нашри маълум қилди.
ЮНИСЕФнинг болаларни ҳимоя қилиш бўйича ўтказган тадқиқотида болаларни интернатларга жойлаштиришнинг асосий сабаблари келтирилган. Улар: қашшоқлик, оилавий муаммолар, миграция ва ажралиш.
Ҳукуматнинг расмий маълумотларига кўра, 2018-йилда 26 532 бола турли типдаги интернатларда яшаган, уларнинг аксарияти ногиронлиги бўлган болалар.
“Болаларни кўпинча ногиронлиги бўлса ёки оила моддий етишмовчилик сезса уларни интернатларга жойлаштиришади. Бундай ҳолларда болалар оилавий муҳитда ўсиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Болаларни оиласидан ажратишдан кўра, муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларга болалари билан ёрдам бериш яхшироқ”, — дейди Ўзбекистонда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда интернат муассасаларида яшовчи болаларнинг нисбати ҳар 100 минг нафар болага 255 тани ташкил қилади, бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки бараварга кўп. Ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг энг катта қисми 7 ёшдан 17 ёшгача, лекин ота-она қарамоғисиз қолган болалар орасида икки ёшгача бўлган болалар янаям кўп.
“Ота-оналар фарзандларини зарур бўлган барча нарсага эга бўладилар деб махсус болалар муассасаларига топширадилар, лекин бу нотўғри. Бола ёлғиз ўсиб, маънавий ва маданий ривожланишни йўқотади”, — дейди Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова.
Шу муносабат билан ЮНИСЕФ Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси қошидаги Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида “Интернат муассасаларида яшовчи болалар ҳақида маълумотларни йиғиш ва хариталаш” тадқиқотини бошлаган. Ушбу тадқиқот Ўзбекистондаги болаларни парваришлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича маълумотларни тўплашга қаратилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда болалар нафақаси ва моддий ёрдам бўйича мурожаат қилган фуқароларга қўшимча қулайлик яратилиши тўғрисида хабар берилганди.