АсосийJamiyat

“Кўзи оч” мансабдорлар: Улар кимлар? Қайси соҳа етакчи?

'“Кўзи оч” мансабдорлар: Улар кимлар? Қайси соҳа етакчи?'ning rasmi

“Жиззахда прокурор ДХХ томонидан қўлга олинди”, “Самарқандда прокурор ўринбосари жазони енгиллатиш учун 10 000 доллар сўради”, “Наманганда МИБ раҳбари фуқарони ўқишга киритиб қўйиш учун 700 доллар талаб қилди”, “Бухорода божхона инспектори 800 АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушди”... Бу мансабдорларнинг биргина ўтган сентябр ойининг охирги кунларида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан фош этилган қилмишлари. Албатта улар қилмишига яраша қонун олдида жавоб беришади. Аммо ўтган қисқа давр мобайнида ижтимоий-иқтисодий муносабатларда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида бир қатор чоралар кўрилаётган бўлишига қарамай, нафси ҳакалак отган мансабдорлар томонидан ҳамон бу каби порахўрлик, таъмагирлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг учраётгани ачинарли. 

 Коррупцияга қарши курашиш агентлиги келтирган таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда республикада коррупцияга оид жиноятчилик даражаси ошганлигини қайд этди. Хўш, бу нимани англатади? Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал БУРХАНОВ ана шу савол доирасида ушбу йўналишдаги энг муҳим жиҳатларга тўхталди. 

   "МАНСАБДОРЛАРНИНГ 105 НАФАРИ ПОРАХЎРЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛГАН..."

– Олиб борилган қарши курашиш чораларига қарамай, коррупциявий ҳолатлар таҳлилларига кўра, 2020 йилда жами 1723 та, шундан 9 нафар Республика даражасидаги, 45 нафар вилоят даражасидаги, 1669 та туман ва шаҳар даражасидаги мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган ва коррупция оқибатида етказилган 500 млрд сўмлик моддий зарарнинг 71% ёки 355 млрд. сўми айбдорлардан тергов давомида ундирилган. 

2020 йилда аниқланган коррупцион жиноятлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 835 нафар шахс (48,5%) Жиноят кодексининг (ЖК) 167-моддасида кўрсатилган – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятларини содир этган. Шунингдек, ЖКнинг 168-моддаси – фирибгарлик билан 227 нафар шахс, 184-моддаси – Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлашбилан 207 нафар шахс, 210-моддаси – пора олишбилан 105 нафар шахс, 205-моддаси – ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишбилан 58 нафар шахс, 206-моддаси – ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш билан 31 нафар шахс, 207-моддаси –мансабга совуққонлик билан қараш билан 25 нафар шахс, 209-моддаси – мансаб сохтакорлигибилан 16 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

                                     "ЯНА ЎША БИЗ БИЛГАН ТАШКИЛОТЛАР ЕТАКЧИ"

– 2020 йил давомида мансабдор шахслар фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ўтказилган таҳлил давомида аниқланишича, 249 нафар Халқ таълими вазирлиги, 166 нафар Соғлиқни сақлаш вазирлиги 166 нафар, 78 нафар банк, 70 нафар Мактабгача таълим вазирлиги, 53 нафар Ергеодезкадастр қўмитаси, 31 нафар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 31 нафар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, 18 нафар ҳоким ўринбосарлари, 18 нафар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, 13 нафар Давлат солиқ қўмитаси, 7 нафар Мудофаа вазирлиги, 3 нафар судья, 3 нафар Архитектура қўмитаси, 2 нафар Адлия вазирлиги, 947 нафар бошқа вазирлик ва идоралар мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган.

                                         2021 ЙИЛНИНГ 6 ОЙИДАГИ ҲОЛАТ ҚАНДАЙ?

– 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган.

2021 йилнинг 6 ойи давомида аниқланган коррупцион жиноятлар содир этган мансабдор шахсларнинг энг катта қисми, яъни 1297 нафар шахс (51%) ЖКнинг 167-моддасида кўрсатилган жиноятларни содир этган шахслар ташкил қилган. Шунингдек, ЖКнинг 168-моддаси билан 420 нафар шахс, 210-моддаси билан 80 нафар шахс, 205-моддаси билан
58 нафар шахс, 206-моддаси билан 4 нафар шахс, 209-моддаси билан
18 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

2021 йил 6 ойи давомида мансабдор шахслар фаолият юритган давлат органлари ва ташкилотлари кесимида ўтказилган таҳлил давомида аниқланишича, 107 та Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 74 та Халқ таълими вазирлиги, 69 та давлат улуши бўлган давлат ташкилотлари,
66 та банк, 64 та Мактабгача таълим вазирлиги, 55 та Транспорт вазирлиги, 32 та Энергетика вазирлиги, 26 та Сув хўжалиги вазирлиги,
26 та Меҳнат вазирлиги, 24 та Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, 23 та Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 15 та Маданият вазирлиги, 15 та Давлат солиқ қўмитаси, 14 та Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, 13 та Қишлоқ хўжалик вазирлиги, 10 та Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, 9 та ҳоким ўринбосарлари, 9 та Молия вазирлиги мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилган.

ТАҚДИМ ЭТИЛГАН МАЪЛУМОТЛАРДАН КЎРИНАДИКИ, МАНСАБДОРЛАР ТОМОНИДАН СОДИР ЭТИЛГАН КОРРУПЦИОН ҚИЛМИШЛАР СОНИ 2020 ЙИЛГА НИСБАТАН 2021 ЙИЛНИНГ БОР-ЙЎҒИ 6 ОЙИДА ДЕЯРЛИ ИККИ БАРАВАРГА ОРТГАН...

                           ҲОКИМЛИК ХОДИМЛАРИ ЖИНОЯТЧИЛАР РЎЙХАТИДА ЕТАКЧИ

– 2019-2020 йиллар давомида маҳаллий ҳокимликларнинг 142 нафар ходимлари, жумладан 6 нафар ҳоким ва 49 нафар ҳоким ўринбосарлари коррупцион жиноятлар учун судланган.  Бундай коррупциявий жиноятларни содир этиш ҳолатлари асосан Тошкент вилояти (30 нафар), Тошкент шаҳри ва Жиззах вилояти  (14 нафардан)  ҳиссасига тўғри келади. Маҳаллий ҳокимликлар тизимида коррупциявий қилмишларга асосан бюджет маблағлари, жумладан қурилиш учун ажратилган маблағларни сарфлаш, давлат харидларини амалга ошириш, биноларни бузиш билан боғлиқ компенсация масалаларини ҳал этишда йўл қўйилмоқда.

Ёки яна бир ҳолат: Наманган вилоят ҳокимлигининг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузуридаги “Наманган таъмирлаш тиклаш хизмати” ДУК директори Ж.Хашимов ва буюртмачи “Кўп хонадонли уйларни ва иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Наманган вилоят филиали раҳбари А.Таджибаев бир гуруҳ бўлиб, Давлат дастурига асосан вилоят ҳудудидаги кўп қаватли уйларда болалар майдончасини қуриш юзасидан танлов комиссиясига ўзининг раҳбарлигидаги “Наманган таъмирлаш тиклаш хизмати” ДУК ҳамда ўзи таъсисчи ҳисобланган “Капитал қурилиш дизайн сервис” МЧЖ номзодини қўйиш орқали ғолибликни қўлга киритиб, тузилган 1 млрд. сўмлик пудрат шартномаларига мувофиқ, Наманган шаҳридаги 13 та уйларда 170 млн сўмлик, Тўрақўрғон туманидаги  2 та уйларда 8,9 млн сўмлик, Поп туманидаги 3 та уйларда
11 млн. сўмлик ва Янгиқўрғон туманидаги 4 та уйларда 13 млн. сўмлик, жами 203 млн сўмлик қурилиш ишлари бажарилгани ҳақида Шакл-3 ҳисоботларига сохта маълумотлар киритиб, қалбаки эканлигини била туриб, улардан фойдаланиб, ҳақиқатда бажарилган ишларга нисбатан 203 млн сўм маблағларни ортиқча олиб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилишган.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуноси Ж.Ахбутаев фуқаро З.Саъдуллаевни "Эски шаҳар буюм савдо комплекси" АЖ раиси ўринбосари лавозимига тайинлаш эвазига 3.400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган. Ёки, турар - жой қуришга ер участкаси олиб бериш важи билан Нукус тyмани ҳокимлиги ҳуқуқшуноси А.Гобенов 94 млн  сўм, Тупроққалъа тумани хокимлиги хуқуқшуноси А.Абдуллаев 6,5 минг АҚШ доллари, Чиноз тумани ҳокимлиги бош юристконсульти О.Ташматов 5 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олганлиги учун жазо муқаррарлиги таъминланган.

                                                     ХУЛОСА ЎРНИДА

Кўриниб турибдики, коррупцияга қарши кураш борасида ўнлаб қонунлар, қарорлар қабул қилишимиз мумкин. Лекин жамият аъзоларининг ўзи бунга қарши турмаса, ҳеч бир қонун ёки қарор бизга ёрдам беролмайди. 

                                                                                                      Абдукарим ЗАРИПОВ тайёрлади

    Бошқа янгиликлар