АсосийSport

Оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик қиз бирйўла иккита медалга сазовор бўлди

'Оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик қиз бирйўла иккита медалга сазовор бўлди'ning rasmi

"Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг кечаги баҳслари вакилларимиз учун муваффақиятли кечди",–дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги. 

Қизлар ўртасида -55 кг вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда ҳамюртимиз Озода Ҳожиеванинг даст кўтариш машқидаги ҳар уччала уриниши ҳам омадли чиқди. У дастлаб 72 кг, кейин 75 кг ва ниҳоят сўнгги учинчи уринишида 77 кг тошни ўзига бўйсундира олди. Шунга қарамай ҳамюртимиз совриндорлар сафидан четда қолди, у 4-ўрин билан чекланди. Қизиғи, даст кўтариш машқида 3-ўринни эгаллаган АҚШлик спортчи ҳам 77 кг натижа қайд этганди, фақат Миранда Улрей бу оғирликни иккинчи уринишда ўзига бўйсундира олгани учун бронза медали америкалик спортчига насиб этди.

Дарвоқе, норвегиялик Роня Левник ҳам даст кўтаришда 77 кг натижа қайд этди ва у 5-ўринни эгаллади. Иккинчи ўриндаги Мексика вакиласи Леон Перез эса Озодани атиги 1 килога ортда қолдирди.

Ушбу йўналишда олтин медални катта тафовут билан АҚШ терма жамоасининг яна бир вакиласи Кетрин Эстеп эгаллади. У даст кўтариш машқини 89 кило билан якунлади.

Силтаб кўтариш машқида Озода Ҳожиева илк уринишида 92 кг, иккинчи уринишида 95 кг оғирликни ўзига бўйсундирди. Сўнгги уринишда эса ҳамюртимиз 98 кг оғирликни кўтара олмади. Шундай бўлса-да, силтаб кўтариш машқида ҳамюртимиз 3-ўринни банд этди.

Иккикураш натижасига кўра, 172 кг натижа қайд қайд этган Озода Ҳожиева 2-ўринни эгаллади ва терма жамоамиз ҳисобига жаҳон чемпионатининг дастлабки кумуш медалини тақдим этди. Олтин медални эса кутилганидек америкалик Кетрин Эстеп қўлга киритди.

Оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида Жаҳон чемпионати

-55 кг вазн тоифаси, қизлар

1. Кетрин Эстеп (АҚШ) – 198 кг,

2. Ҳожиева Озода (Ўзбекистон) - 172 кг,

3. Леон Перез (Мексика) - 171 кг

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар