Аввал хабар қилганимиздек, Республикамизнинг барча туман (шаҳар)лари, хусусан, Тошкент шаҳар деҳқон бозорлари ҳамда савдо мажмуаларида сайёр қабуллар ташкил этилиб, давлат хизматлари, жумладан, ФҲДЁ соҳасига оид хизматлар сайёр тартибда тақдим этилмоқда.
Сайёр қабулларда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилиши билан бирга, соҳага оид бепул ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди ҳамда сайлов қонунчилиги бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Бугун ДХА Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи деҳқон ва буюм бозорлари, савдо мажмуаларидаги тадбирларда ҳозирга қадар 500 дан ортиқ фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 100 дан ортиқ сайёр хизмат кўрсатилди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир соат 15:00га қадар давом этади. Келгуси якшанба 17 октябрь куни ҳам бозорларда лойиҳа давом этади.






