Аввалроқ, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Гулистон туман ҳокими ўринбосари ва бошқаларнинг жиноят устида қўлга олингани хабар қилинган эди.
Унга кўра, “Чорванасл” маркази Гулистон тумани етакчи мутахассиси М.Х. Гулистон тумани ҳокими ўринбосари Б.С. билан олдиндан тил бириктириб, “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи фуқаро М.ни пора беришга далолат қилиб, унга туман ҳокими ўринбосари орқали кам таъминланган оилалар учун “Юлдуз” массивида қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олувчилар рўйхатига киритиб қўйиб уй олиб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шундан сўнг, М.Х.нинг кўрсатувларига асосан тезкор тадбир давом эттирилганда, Гулистон туман ҳокими ўринбосари Б.С. хизмат мавқеидан фойдаланиб, юқоридаги масалада фуқаро М.га ёрдам бериш эвазига 400 АҚШ долларини М.Х.дан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган эди.
Айни пайтда "Сирдарё хабарлари" хабарига кўра, мазкур жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди.
Суд, мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Б.Салиметовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида-73.500.000 сўм жарима жазосини, М.Холбековга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 2-қисми “б” банди, 28,211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45, 59, 61-моддалари тартибида 2 йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 2 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлади.






