Куни кеча Нарзулло Обломуродов қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашиб, сайловолди дастури билан таништирди.
Учрашувни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети доценти Ёқуб Аметов очиб берди.
Шундан сўнг номзоднинг таржимаи ҳолини сайловчиларга ўқиб эшиттириш учун сўз Президентликка номзоднинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили Лейли Сейтовага берилди.

Нарзулло Обломуродов ўз сайловолди дастури билан иштирокчиларни батафсил таништирди. Жумладан, Оролбўйи минтақасининг экологик муаммолари масаласига атрофлича тўхталиб ўтди.
“Орол денгизининг қуриши оқибатида пайдо бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган “Оролқум” саҳроси Оролбўйи ҳудуди ва бутун Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё ҳудудини атмосферасига ўта қаттиқ таъсир кўрсатаётгани барчамизга маълум. Маълумотларга кўра, “Оролқум”дан зарарли кимёвий унсурлар, туз ва тупроқ заррачаларидан иборат чанг ҳавога кўтарилиб, шамол билан бутун дунёга тарқалмоқда.
Охирги йилларда Оролбўйи минтақасида илк бор пайдо бўлган “туз ёмғирлар” айнан шу муаммонинг ўта долзарблигини яна бир бор кўрсатди.
Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади,”— деди Нарзулло Обломуродов.
Шундан сўнг Нарзулло Обломуродов “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёни ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
“Хабарингиз бор, жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари “яшил” иқтисодиётга ўтиш ишларини аллақачон бошлаб юборган. Чунки дунёнинг бугунги қиёфаси, тиклаб бўлмас экологик фалокатлар ва атроф муҳитга етказилаётган улкан зарарлар мана шуни тақозо этади. Ўзбекистон 2019 йилда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш стратегияси”ни қабул қилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатда углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча тармоқларида экологик тоза ва ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас. Шунинг учун ҳам “яшил тараққиёт” сайловолди дастуримиздаги энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Қорақалпоғистонлик ва мўйноқлик ёшлар бу улкан вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишига, бизга кўмакчи бўлишига умид қиламиз”,–деди Экологик партиядан президентликка номзод.
Қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашув савол ва мунозараларга бой бўлди. Айниқса, Мўйноқ туманида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, бунда Экопартия томонидан олиб борилган фаол ташаббуслар ҳам эътироф этиб ўтилди. Учрашув якунида Нарзулло Обломуродов Мўйноқнинг меҳнаткаш ва сабр-бардошда барчага ўрнак бўла оладиган халқига самимий миннатдорчилик билдирди.







