АсосийЖАМИЯТ

Айни вақтда “Адолат” СДПдан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда

номзод таржимаи ҳоли ва дастури билан таништиришдан ташқари сайловчиларнинг саволларига жа...

'Айни вақтда “Адолат” СДПдан Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда'ning rasmi

номзод таржимаи ҳоли ва дастури билан таништиришдан ташқари сайловчиларнинг саволларига жавоб ҳам берилмоқда. Тадбирлар мазмуни ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ранг баранглик касб этди. Қуйида учрашувларда иштирок этган сайловчилар фикрларидан бир шингилдан келтирамиз.

         Ўткирбек Арзиқулов, Андижон давлат тиббиёт институти психологи:

-Номзод томонидан таълим соҳасини янада ривожлантириш борасида илгари сурилган истиқболли таклифлар ўқитувчи-педагог сифатида менинг алоҳида диққатимни тортди. Таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлашга қаратилган устувор вазифалар ўзининг ҳаётийлиги ва долзарблиги билан аҳамиятли. Хусусан, халқ таълими тизимидаги ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида педагог-муаллимлар меҳнатини рағбатлантириш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш, умумтаълим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишига эришиш, таълим муассасаларида тиббий хизмат даражасини юксалтириш каби мақсадлар айни бугунги замон талаби ва эҳтиёжларидан келиб чиққан. Қолаверса, партия электоратининг асосий вакиллари бўлган педагогларнинг манфаатларини ифода этади.

Шоҳида Аббосова, Фарғона давлат университети ўқитувчиси:

-Номзоднинг сайловолди дастурида жамиятда соғлом фикр ҳамда маънавий-аҳлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш механизмларини яратиш, “Жамиятда юриш-туриш одоб-ахлоқ қоидалар”ни жорий этиш каби таклифларни илгари сурилганлиги эътиборга молик. Чунки фуқаролик жамиятини шакллантиришда маънавий-аҳлоқий нормаларга таянилиши энг аввало оилаларни мустаҳкамлигига ва фарзандлар тарбиясида ўз таъсирини кўрсатади. Олий таълим муассасаларига жалб этилган хорижий профессор-ўқитувчилар, талабалар учун виза ва турли давлат божи бекор қилиш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриш каби илғор ташаббус ва ғоялар халқимизга, албатта, манзур бўлади.

Жўрабек Мустапов, Жарқўрғон туман кўп тармоқли поликлиника мудири:

-Номзод сайловолди дастуридаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги аҳоли орасида тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзининг қарор топишига эришиш, улар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳоли ўртача умрини янада узайтириш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини кескин ошириш ва энг аввало оила, мактаб хамда мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш самарадорлигини янада ошириш каби масалалар эътиборимни тортди. Дастурда соғлиқни сақлашда соғлом рақобат муҳитини яратиш, бирламчи бўғин - қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, оилага кўрсатилаётган тиббий хизматлар кўламини янада кенгайтириш, уларни оила тиббий маданиятини юксалтиришга йуналтириш, жаҳон тараққиётида илгарилаб бораётган жараёнларни назарда тутиб, жамиятда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича Миллий дастурни қабул қилиш каби ҳаётий ғоялар мавжуд бўлиб, булар мен қатори ҳамкасбларимни ҳам қизиқтирмай қолмади.

 

Озод Рўзметов, хоразмлик иштирокчи:

- Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов томонидан илгари сурилган ташаббуслар нафақат учрашувлар, балки оиламиз, яқинларимиз, қўшниларимиз  даврасида ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда. Сайловолди дастурда илгари сурилган  долзарб масалалар  диққатимизни тортмоқда. Айниқса, пенсия таъминотига доир таклифлар отахон ва онахонларимизни мулоҳаза юритишга чорлади. Албатта, пенсияга чиқиш, уни олишда ортиқча оворагарчиликлар, сарсонгарчиликлар бўлмаса, қарияларимиз ҳам ҳаётдан рози яшайди.

 

Қаҳрамон Султонов, қашқадарёлик иштирокчи:

- Номзод дастурида адолатпарвар давлат қуриш, коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш, давлат бошқарувида фуқаролар иштирокини кенгайтириш, барча жабҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, таълим, тиббиёт соҳаларини ривожлантириш, самарали иқтисодиётни таъминлаш, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат юритиш масалалари илгари сурилгани менга маъқул бўлди.

Айниқса коррупцияга қарши курашда аниқ таклифлар берилгани бугунги кун учун долзарб ҳисобланади. Зеро, бу иллат тўлиқ йўқолса, барча соҳада ривожланишга эришиш мумкин.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар