Бухоро вилоятининг Ромитон тумани чўлларида бунёд этилган майдонда "Заковат" интеллектуал ўйинининг финал босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда "Даракчи" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов маълум қилди.
Финалда Хоразм ва Навоий вилояти билимдонлари бахслашиб, 2 та раундда ҳам хорамзликлар ғалаба қозонишди. Ютуқ - ҳар бир ғолиб иштирокчи учун Gentra автомобили - 6 дона.
Ўйинда фахрий меҳмон сифатида президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва ўйин якунида сўзга чиқиб, "Заковат" клуби келажагини белгиловчи муҳим янгиликларни бўлишди.
Бундан буён:
- "Заковат” ўйинлари ёшлар ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантирилади;
- ҳаракатни молиявий қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили 50 миллиард сўм маблағ ажратилади;
- шу пайтгача ўз биноларига эга бўлмаган “Заковат”чилар учун Тошкентда алоҳида бино барпо этилади;
- янги йилдан бошлаб талаба ёшлар ўртасида биринчи марта Президент соврини учун Интеллектуал олимпиада ташкил этилади;
- пойтахтимизда Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси, вилоятларда эса “Интеллектуал парклар” ташкил этилади;
- Интеллектуал мусобақалар ғолиблари ва таълим соҳасида юқори натижаларга эришган йигит-қизлар учун, Бўстонлиқ туманидаги Ёшлар оромгоҳида “Интеллектуал мактаб” ташкил этилади;
- Клуб фаолияти барча ҳудудларда, энг чекка туманларда ҳам йўлга қўйилади;
- ғолиблар учун “Заковат” стипендиясини жорий этилади.
Шунингдек, дунё тан олган олимлар, жумладан, Нобель мукофоти соҳибларининг ёшларимиз ва Заковатчилар билан учрашувлари ўтказилади.
Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган компьютер ва мобиль ўйинларни яратган дастурчиларга махсус грант ва субсидиялар ажратилади.






