Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 октябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган юбилей мажлисида иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ делегациялар раҳбарлари ташкилот фаолиятининг 30 йиллик даврида кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши ва эришилган ютуқлар юзасидан фикр алмашдилар, дея хабар бермоқда Президент матбуот котиби.
Унга асосан, йиғилишда минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқилган.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида МДҲ доирасидаги шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишлари юзасидан нуқтаи-назарини баён қилган. Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш муҳим экани алоҳида таъкидланган.