Навоий шаҳар ИИБ ҲПБ ходимлари вилоят ДСИ вакиллари билан ҳамкорликда “Тиғ” тадбирини ўтказишди. Шаҳар марказида жойлашган Марказий буюм бозорида ўтказилган тадбир давомида мазкур ҳудуддаги барча савдо нуқталари кўздан кечирилган.
“Postda” мухбирининг маълум бўлишича, ўрганишлар жараёнида эркаклар камарининг бошланғич қисмига тақиладиган, металлдан тайёрланган буюмлар осойишталик посбонларининг диққатини тортган. Мазкур буюмлар кастет деб аталиб, оғир тан жароҳати етказиш хусусиятига эга бўлган совуқ қуроллар сирасига киради.
Тадбир давомида жами 11 дона камарга ўрнатилган кастет аниқланиб, мусодара қилинди. Бу каби ҳолатларга қайта йўл қўймасликлари юзасидан сотувчилар билан профилактик-огоҳлантирув суҳбатлари ўтказилди.
Эслатма: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳолларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.