АсосийJamiyat

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тадбир ўтказилди

'Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган тадбир ўтказилди'ning rasmi

Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур” – деган сўзларидан чуқур  ҳикмат бор десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили бу миллатнинг руҳидир.

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш, она тилимизнинг қадр-қимматини жойига қўйиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 
75-сессиясида ўзбек тилида сўзлаган нутқи бу борадаги саъй-ҳаракатларга кенг йўл очиб, ўзбек тилининг нафақат республикамиздаги, балки жаҳондаги нуфузини янада мустаҳкамлади.

Барчамизга маълумки, 21 октябрь − Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган кун. Шу муносабат билан мустақил диёримизда 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири, жорий йилнинг 15 октябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган “Давлат тилини севиш, унинг ривожланишига ҳисса қўшиш – барчамизнинг бурчимиздир” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Муҳаммад Юсуф Фонди раиси, “Фидокорана хизматлари учун ордени” соҳибаси 
Назира Салямова, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар аҳкамасининг “Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти” масъул ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир, публицист, таржимон, “Халқ таълими аълочиси” Фахриддин Ҳайит, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Зохида Муқимова, Фавқулодда вазиятлар вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Баҳодир Валиев ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари ва курсантлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, она тилимизнинг ўзига хослиги, бугунги кунда давлат тилининг нуфузи ва мақомини ошириш борасидаги ислоҳотларга тўхталиб, ҳар бир ватан фарзанди ўз она тилини севиши, унинг қадр-қимматини жойига қўйишда фаол иштирок этиши зарурлигини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ва унинг жойлардаги вакиллари, яъни вазирлик, идораларда фаолият юритаётган давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар томонидан идораларда давлат тилини ривожлантириш, давлат тилида иш юритишни ташкил қилиш ишларининг изчил давом эттирилаётганлигини алоҳида таъкидладилар.

Шундан сўнг, ижодкор меҳмонларимиз Она тилини улуғловчи бир қатор шеърларидан тадбир қатнашчиларини баҳраманд этдилар.

Учрашувда курсантлар ҳам сўз олиб, эл ардоғидаги шоирларнинг ижод намуналаридан ёд айтиб, устоз шоирлардан эсдалик шеърий тўпламлари билан бирга ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олдилар. Тадбир ҳақиқий тил байрами ва шеърий кеча сифатида қизиқарли ўтганлиги билан тадбир иштирокчиларининг илиқ таассуротлар қолдирди.

 

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

ФВВ Академияси

катта ўқитувчиси, капитан.

 

    Бошқа янгиликлар