АсосийJamiyat

Тошкент яшаш учун қулай яшил шаҳарга айлантирилиб, шарқий йўналишга қараб кенгайтирилади

'Тошкент яшаш учун қулай яшил шаҳарга айлантирилиб, шарқий йўналишга қараб кенгайтирилади'ning rasmi

Таҳлилларга кўра, 2026 йилга бориб, пойтахт аҳолиси 3,2 миллион нафардан ортиши кутилмоқда. Яна ярим миллиондан зиёд одам кунига шаҳарга келиб кетади. Бу маълумотлар айни пайтда ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтаётган сайловолди ташвиқот йиғилишида келтирилди, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.

Бу эса ўз навбатида, шаҳар инфратузилмаси, таълим, тиббиёт, жамоат транспорти, уй-жой коммунал ва бошқа барча соҳаларга юкламани анча ошишига олиб келади.

Шуларни инобатга олиб, амалдаги президент келгуси беш йилда Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича ўз таклифларини санаб ўтди. Шу мақсадда Тошкент шаҳри қуйидаги концепциялар асосида ривожлантирилади:

- “Тошкент яшаш учун қулай яшил шаҳар”;  

- “Бизнес учун улкан имкониятлар шаҳри”;

- “Минтақавий инвестициялар маркази”;

- “Рақамли пойтахт”;

- “Билим ва инновациялар шаҳри”;

- “Пойтахт – маданият ва маърифат булоғи”;

- “Соғлом турмуш ва сифатли тиббиёт”.

Шавкат Мирзиёевга кўра, Тошкент шаҳри ҳудуди жорий йилда 8 минг гектарга кенгайтирилди. Пойтахтнинг архитектураси ва қиёфасини сақлаб қолиш мақсадида, ушбу ҳудудда “Янги Тошкент” концепцияси амалга оширилади ва босқичма-босқич шаҳар шарқий йўналишга қараб кенгайтирилади. Жумладан:

-  Бектемир туманида 20 минг хонадонли замонавий массив барпо этилиб, боғча, мактаб, тиббиёт муассасаси ва дам олиш марказлари қурилади.

-  Янгиҳаёт туманида инфратузилмага яқин ҳудудда, йирик массив шаклида 200 та кўп қаватли уйлар қурилиб, 10 мингдан ортиқ оиланинг турмуш шароити яхшиланади. Шунингдек, ушбу ҳудудларда янги корхоналар, саноат зоналари, аҳоли дам олиш масканлари, иқтисодий ва ижтимоий объектлар қурилади.

-  Шаҳар ҳудудидаги авария ҳолатига келган, 60-70 йил аввал қурилган кўп қаватли уйлар ўрнига, замонавий турар-жойларни барпо этиш бўйича “реновация дастури” амалга оширилади.

-  Янгиҳаёт туманининг “Спутник” мавзесидаги яшашга яроқсиз ҳолга келиб қолган 400 дан зиёд 2 қаватли ёғоч уйлар ўрнида янги кўп қаватли уйлар қурилиб, 4,5 минг оила янги замонавий хонадонлар билан таъминланади.

“Бунда ушбу уйларда яшайдиган аҳолини рози қилиб, уларга янги уйлардан мақбул таклифлар берилиши шарт”, - деди президентликка номзод.

Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев уй-жойга муҳтож оилалар учун 14 триллион сўмдан ортиқ ипотека кредитлари ажратилиб, дастлабки бадал ва фоиз тўловларини қоплаш учун 5 минг нафар оилага субсидия берилиши, уларнинг хоҳишига қараб, иккиламчи бозордан уйларни сотиб олишларига ҳам рухсат берилишини маълум қилди.

    Бошқа янгиликлар