АсосийJamiyat

“Пробка”, “парковка”, “остановка”... Пойтахтдаги бу муаммолар қандай ҳал этилади?

'“Пробка”, “парковка”, “остановка”... Пойтахтдаги бу муаммолар қандай ҳал этилади?'ning rasmi

Тошкент шаҳри кўчаларида 700-800 мингдан зиёд транспорт ҳаракатланади. Бу тирбандликларни келтириб чиқариш билан бирга, экология, пиёда ва йўловчилар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатади. ЎзЛиДеПдан президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг жамоат транспорти ва йўл инфратузилмаси муаммоларига тўхталиб, келгусида бу борада қилинадиган ишларга тўхталди. Бу ҳақда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.

“Шаҳарда ер ости ва ер усти пиёда ўтиш йўлаклари, автотураргоҳлар етишмайди. Шунингдек, пойтахтда 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини ўтказиш даражаси паст. Жамоат транспортидан бор-йўғи 33 фоиз йўловчи фойдаланмоқда. Масалан, бугунги кунда 80 та йўналишдаги автобусларнинг интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечиккани, аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда”, деди амалдаги президент.

Шу боис, келгуси беш йилда шаҳарда ўзаро узвий боғланган барча транспорт турларини ривожлантириш дастури қабул қилинади. Бунда:

- ер усти транспорти ва метро йўналишлари кесишувида 16 та йирик автостанциялар;

- Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар;

- марказий кўчаларда 40 минг автомобиллар учун, 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар;

- тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 21 та йўл ўтказгичлар қурилади;

- ер усти ҳалқа метрополитени йўлининг 7 та бекатдан иборат 13 километр узунликдаги “Қўйлиқ-Қипчоқ” участкаси қурилиши якунига етказилади.

Шунингдек:

- йўл ҳаракатини “ақлли тартибга солиш” тизими жорий этилиб, бунга шаҳарнинг 500 та йирик чорраҳаси уланади;

- 200 га яқин мунтазам автобус йўналишлари ташкил этилади;

- жамоат транспорти паркини янгилаш учун 400 та замонавий автобус, 700 та электробус олиб келинади;

- 90 та янги замонавий метро поездлари олиб келиниб, йўловчилар ташиш қуввати 2 баробарга оширилади;

- электромобиллардан фойдаланиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадида, 50 та қувватлаш станцияси ва бошқа инфратузилмалар яратилади.

Бундан ташқари, 1,8 минг километр автомобиль йўли ва ички кўчаларни таъмирлашга 3 триллион 200 миллиард сўм маблағлар йўналтирилади.

    Бошқа янгиликлар