Бундан бир муддат аввал Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси Қозимжон Комилов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
"Даракчи" мухбирларининг маълум қилишича, шу кунга қадар сайловни молиялаштириш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кузатилмаган.
"24-июлдан 14 октябрга қадар сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашиш, қарорларини ижро этмаслик, номзоднинг, ишончли вакилининг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш, ёлғон маълумотлар тарқатиш, сайловни молиялаштириш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ишлар судларга келиб тушмаган",–дейди Қозимжон Комилов
"Айни пайтда сайлов олди ташвиқот жараёни бошлангандан буён, яъни 20 сентябрдан шу кунга қадар сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида ахборот ва ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган",–дейди Олий суд раиси.
Шунингдек, сайлаш ва сайланиш жараёнида ҳам ҳеч қандай жиноятлар аниқламаган.
"Фуқароларнинг сайлаш ёки сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини, ишончли вакилларни ўз ваколатларини эркин амалга оширишларида зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмаганлигини маълум қиламан"–дейди у.