Ўзбекистонда президент сайловлари халқаро стандартларга мос ўтказилмоқда, дея таъкидлади Россия Федерал Кенгаши қўмитаси раисининг ўринбосари. Унинг фикрига кўра, номзодлар илгари сурган дастурлар умуман олганда «ўзбек халқининг кутилмаларига жавоб беради».
Ўзбекистон президенти сайловларининг назорат қилиниши ва ўтказилиш тартиби умуман олганда демократик сайловлар соҳасидаги халқаро стандартлар, МДҲ конвенцияси ва МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг тавсияларига жавоб беради. Бу ҳақда Тошкентдаги брифингда Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Федерация Кенгаши халқаро ишлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Фарит Мухаметшин МДҲ ПА миссияси номидан қилган чиқишида.
Ўзбекистоннинг миллий қонунчилиги президент сайловини овоз беришга тенг умумий ҳуқуқ асосида, мустақил сайлов органлари тизимига таянган ҳолда ташкил этиш ва ўтказишни қўллаб-қувватлайдиган асосий норматив асосларни ўз ичига олади, дея таъкидлади у.
«Таассуротларимнинг энг асосийси — бу яхши кайфият. Тушлик пайтига келиб сайлов участкаларида 50%гача сайловчилар овоз беришди. Кўплаб сайловчилар мамлакатда оддий халқ интилишларига жавоб берадиган туб ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидламоқда. Президентликка номзодлар умуман олганда ўзбек халқининг кутилмаларига мос дастурларни илгари суришди — бу ижтимоий масалалар, иқтисодий ривожланиш билан боғлиқ кўплаб муаммолардир», — деди Фарит Мухаметшин.
Ўзбекистондаги президент сайловларини МДҲ ПА томонидан 50 дан ортиқ киши кузатмоқда. Уларнинг ярми Ўзбекистонда бўлса, қолганлар бошқа мамлакатларда очилган сайлов участкаларида жараённи кузатишмоқда.
«Бизнинг миссиямиз бугун бутун мамлакат бўйлаб ўтмоқда — Самарқандда, Бухорода ва бошқа ҳудудларда — ва биз кечки пайт билдирилган ёки гувоҳи бўлган барча изоҳларимиз ва тилакларимизни билдирамиз», — дея қўшимча қилди Фарит Мухаметшин.
Унинг сўзларига кўра, МДҲ ПАнинг бирламчи узоқ муддатли миссияси Ўзбекистонга эксперт-мутахассислар сифатида сайловдан анча олдин етиб келган. Улар сайловни ўтказиш бўйича қонунчиликнинг халқаро стандартларга мослигини ўрганиш учун Марказий сайлов комиссияси, республика ва маҳаллий ҳокимият органлари билан учрашувлар ўтказишган.